Мамлакатимизнинг азим пойтахтида ўтказилаётган Тошкент мода ҳафталиги ҳақиқий гўзаллик байрамига айланиб кетди. Ёшлар ижод саройи мода ихлосмандлари билан тўлди.
Давлатимизнинг бевосита кўмаги ҳамда “Осиё рамзи“ Ўзбекистон дизайнерлар уюшмаси томонидан ўтказилаётган “Тошкент мода ҳафталиги – 2018“ тадбиридан мақсад мода саноати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш ва мустаҳкамлашдир. Тадбир бошланишида кириш сўзи айтган ”Осиё рамзи” дизайнерлар уюшмаси раҳбари Холида Комилованинг ҳаяжони, Италия элчихонасидан ташриф буюрган меҳмонларнинг ҳайрати мухлисларга ҳам ўтади.
Ёқимли ва шиддаткор мусиқа садолари остида италиялик машҳур дизайнер Сабрина Персичинонинг муаллифлик либослари намойиши бошланади.
– Либосларда нафис, нозик ва маълум монотон ранглардан моҳирона фойдаланилган. Дизайнер айнан тошкентлик мода ишқибозларининг руҳиятини англай олган, – дейди элчихона вакилларидан бири.
– Албатта, биз Сабрина Персичинони анжуманга таклиф этганимизда ундан миллий қадриятларимизни ҳисобга олган ҳолда либослар жамламаси тайёрлашни илтимос қилган эдик. Ўта иқтидорли ва дидли дизайнер, – дея жавоб берди Холида Комилова.– Унинг тақдим этаётган либослари дизайн талабларига жавоб беради. Уларда самарадорлик, тежамкорлик, технологик мослик, конструктивлик ҳамда бадиий шаклларида образлилик, коммуникативлик, шакл моҳияти, техникага мослиги, тектониклик каби дизайн белгиларига амал қилинган. Буюмнинг манфаатли фойда келтирувчи функцияси конструкциясига нисбатан талаблар юкининг ошишига олиб келади, дизайн маҳсулотлари техника буюмларига яқинлашади. Бу функциялардан бири етишмаган тақдирда буюмни дизайн маҳсулоти дейиш мумкин бўлмайди, у техник буюмга ёки оддий безак нарсага айланади. Италиялик дизайнернинг барча ишларида пахтадан тайёрланган газламалар қўлланилган. Уларни бизнинг енгил саноатимизда ҳам ишлаб чиқариш мумкин.
– Юксак эстетик талабларга эга бўлган тошкентлик мода ишқибозлари менинг жамламаларимни яхши қабул қилди, – дейди Сабрина Персичино. – Сизлар билан ҳамкорлик қилишдан мамнунман.
Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлардан келган дизайнерлар соҳа бўйича ўқув машғулотлари ўтказишди, ўз ишланмалари билан танловларда иштирок этишди.
Меҳмонлар орасида Риту Бери – дунёга машҳур ҳинд дизайнери ҳам бор. У «Scherrer» француз брендига раҳбар этиб тайинланган биринчи осиёлик дизайнер саналади. Риту Бери мода технологиялари миллий институтини тамомлаган. Риту «Acustyl» журнали саҳифаларида ўз илмий мақолалари билан дунё модаси анъаналарини шарҳлаган ягона ҳинд модельеридир.Унинг ”Ораста кўринишнинг 101 усули” номли китоби мода ишқибозлари орасида кенг ёйилган. Мода технологиялари миллий институти бошқарув кенгаши аъзоси, «Savera Association» хайрия ташкилотининг фахрий раҳбари сифатида ҳинд хотин-қизлари ҳаётини яхшилаш борасида жамоатчилик ишларини олиб боради.
Тошкент мода ҳафталиги тадбирларида Ўзбекистон дизайнерлари ўзларининг либослар жамламасини мухлислар эътиборига ҳавола этдилар. Улар орасида таниқли дизайнер Лола Сайфий, Дилноза Эркинова ва Дилдора Қосимоваларнинг ишлари кўпчилик мухлисларни мамнун қилди. Бошқа мутахассисларимизнинг муаллифлик ишлари ҳам таҳсинга лойиқ. Буларнинг барчаси кейинги пайтларда мамлакатимизда олиб борилаётган туб иқтисодий ислоҳотлар натижасидир.
Тошкент мода ҳафталиги нафақат гўзаллик ва нафосат анжумани, балки иқтисодий ўсиш кўрсатгичи ҳисобланади.Жамиятнинг маданий ва иқтисодий ривожига омил яратади. Шу ўринда мода ҳафталиги билан боғлиқ баъзи мулоҳазалар ва ўй-фикрларимизни билдиргимиз келди.
Ташкилий жиҳатдан либослар дизайни мавсумий хусусият касб этади. Демак, либослар куз ва қиш мавсуми учун мўлжаллаб танланади. Жанубий мамлакатлар ҳам шу қоидага амал қилади. Баъзи дизайнерларимиз жамламаларини бир оз янгилаган бўлса ҳам, ўтган йилги мода ҳафталигида намойиш қилган либослар кўрсатилди. Ундан ташқари, ранго ранг ҳамда фақат бадиийликни акс эттирувчи, саноатда ишлаб чиқариш кўзда тутилмаган либослар ва уларнинг безаклари намойиш қилинди. Уларнинг баъзиларини санъат асари намунаси деб аташ ҳам мумкин, аммо дизайн маҳсулоти эмас.
Ёшлар ижод уйи фойесида ташкил этилган миллий брендларнинг кўргазмалари дизайни ҳам ўта ибтидоий даражада эди. Марғилонлик тўқувчи тадбиркорларнинг атлас ва адрас матолари зарур даражада намойиш қилинмаган. Табиий шойи – юпқа, эгилувчан, яхши драпирацияланадиган мато бўлгани билан уни қайта ишлаш ва ундан фойдаланишда муаммолар ҳам йўқ эмас. Бундай матога алоҳида ёндашув зарур. Ундан кундалик кийимлар тайёрлашда камроқ фойдаланган афзал. Аммо тантанали кунларда ипак матодан тайёрланган либос ниҳоятда нафис ва гўзаллик бахш этади.Аммо бу матоларни ҳамма жойда ишлатиш мумкин эмас. Баъзан турли санъат дасталари, болалар дасталари учун ҳатто ўғил болалар, эркак кишиларга ҳам шоҳи атлас, адрасдан камзул ва тўн кийдирадилар. Бу аёлларимиз учун ота боболаримиз яратган мато, у ҳатто турли безакларга ҳам муҳтож эмас. Қани энди олимларимиз, тўқимачиларимиз бу газламаларни пишиқ, ғижимланмайдиган ва аёллар костюми боп замонавий калавалар билан таъминлай олганларида атласнинг бозори чаққон бўлиб, улардан бутун дунё дизайнерлари ҳам ўз либосларини яратишда фойдаланган бўлар эдилар, – дейди ҳафталик қатнашчиси А.Муҳсинов.
“Bukhara Brillant Silk” корхонаси ишлаб чиқарган соф ипак газламалари сифати анча баланд. Крепдешин, Шифон, Атлас, Крепжоржет, Крепшифон ипак рўмол ва шарфлар дунёнинг бир қатор мамлакатларида ўз харидорларини топган. Корхона 2000 турдан ортиқ номдаги тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаради.
– Корхонамизда пилладан ип йигиришдан тортиб то мато тўқиш, тайёр кийим-кечак тайёрлашгача бўлган барча жараёнлар бажарилади. Технология ва дизайн – конструкциялаш босқичлари бир-бирини тўлдиради, – дейди ёш дизайнер Сурайё Назруллаева. – Мен Бухоро технология институтини компьютер дастурлаш мутахассислиги бўйича тугатганман. Ҳамкасбим Гулноза Саидова эса шу институтнинг мўйна ва терига ишлов бериш факультетини тамомлаган. Албатта, маҳоратимни ошириб бориб, ўз брендимни яратишни орзу қиламан.
Орзуга айб йўқ дейдилар. Агар “Bukhara Brillant Silk” компаниясининг ёрқин ранглардаги, ғижим бўлмас, экологик тоза газламалари билан ҳиндистонлик машҳур дизайнер Риту Бери танишганида эди, юз миллионлаб ҳинд аёллари ғижимланмайдиган сарини харид қилган бўлар эди.
“Қоракўл лидер” оилавий корхонаси яратган қоракўл терисидан тайёрланган маҳсулотлар, қишки кийимлар диққатимизни тортди.
– Оилавий корхонамизда 200 турдаги либос ва бошқа буюмларни тайёрлаймиз. Бу жуда сердаромад соҳа. Дунёда қоракўл қўйлари етиштиришда Ўзбекистон ҳеч қаердан қолишмайди. Африкада, Намибияда, Афғонистонда бу соҳа кенг тараққий этган. Дунёдаги ўнлаб мамлакатлар қоракўл терисидан кийим-кечак тикиш билан шуғулланади. Алоҳида қоракўлчилик либослари модаси фестивали ўтказилса, биз ҳам ўзимизни кўрсатиш, дунё тажрибасини ўрганиш имконига эга бўлар эдик, – дейди оилавий корхона раҳбари Ботир Исанов.
Ҳукуматимиз иқтисодиёт тармоқларини замонавий ва уйғун ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, халқимиз бунёдкорлигини юксалтириш борасида алоҳида ғамхўрлик кўрсатяпти. “Осиё рамзи“ Ўзбекистон дизайнерлар уюшмаси томонидан ташкил этилган “Тошкент мода ҳафталиги – 2018“ тадбирининг муваффақиятли ўтиши бундан далолат бериб турибди.
Дадахон Ёқубов,
Ўзбекистон санъат арбоби,
Дилноза Зупарова,
ТДПУ доценти.
ЎзА