“PROlogue“ кинофестивалининг ҳакамлар ҳайъатига Россия халқ артисти Сергей Шакуров раҳбарлик қилади

PROlogue IV халқаро кинофестивали дирекцияси тўлиқ ва қисқа метражли фильмлар танловига ҳакамлик қиладиган халқаро ҳакамлар ҳайъати таркибини эълон қилди. Улар орасида Россия, Германия, АҚШ, Польша, Швейцария, Италия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг кўзга кўринган кино ижодкорлари бор.
Тўлиқ метражли фильмлар танловининг халқаро ҳакамлар ҳайъатига машҳур театр ва кино актёри, Россия халқ артисти, кўплаб мукофотлар соҳиби Сергей Шакуров раҳбарлик қилади. Қозоғистондан режиссёр ва сценарист Рустам Абдрашев, театр ва кино актёр, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев, россиялик постановкачи оператор Сергей Астахов, АҚШдан кинофестиваль ташкилотчиси Питер Скарлетт ва польшалик режиссёр Куба Чекай ҳам ҳакамлар ҳайъати таркибига ҳам киришди.
Қисқа метражли фильмлар танловининг ҳакамлар ҳайъатига таниқли ўзбек режиссёри, кўплаб халқаро кино фестивалларининг лауреати Аюб Шаҳобиддинов раҳбарлик қилади. Унинг бошчилигидаги ҳайъат таркибида продюсер Фабио Канепа (Италия), актёр Филипп Рейнҳартд (Швейцария), постановкачи оператор Макс Тцуи (Германия), кино эксперти ва киношунос Гулбара Толомушова (Қирғизистон) ўрин олган.
PROlogue IV Халқаро кино фестивали Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан “Ўзбеккино“ миллий агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Кинематографияни ривожлантириш маркази, Ёш кинематографлар кенгаши, Ўзбекистон миллий кинокомиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

 

ЎзА