Кекса авлод кўмаги билан

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ва “Нуроний” жамғармаси ҳамкорлигида “Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда оилавий маросимларни тартибга солишда кекса авлод вакилларининг ўрни” мавзусида ўқув семинари ўтказилди.
Унда соҳа мутасаддилари, “Нуроний” жамғармаси, Ички ишлар вазирлиги ходимлари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссияси раиси ҳамда аъзолари, маҳалла раислари, профилактика инспекторлари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини халқнинг энг яқин тузилмасига айлантириш, бу жараёнда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш каби вазифалар белгиланган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, маҳаллаларда жамоатчилик назорати олиб бориш, кексалар ва фахрийларни ижтимоий, маънавий қўллаб-қувватлаш, тўй-ҳашамлар, оилавий маросимларни тартибга солиш, жиноятчиликка мойил шахслар ва нотинч оилаларга кўпни кўрган, ҳаётий тажрибага эга ва обрў-эътиборли кексаларни бириктиришга оид амалий ишларга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Маҳаллаларда катта ҳаётий тажрибага эга нуронийлар фикри муҳим аҳамиятга эга экани ҳисобга олиниб, уларнинг тажрибасидан унумли фойдаланиш, аҳоли, айниқса, кекса авлод вакиллари онгида “Биз нуронийлар ёшлар тарбиясига масъулмиз”, “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак”, “Дабдабали тўй бахт кафолати эмас” каби ғоялар тарғиботини кучайтириш устувор аҳамият касб этмоқда.
Семинарда ижтимоий фаол кекса авлод вакилларини жиноят содир этишга мойил, профилактик ҳисобда турган, тарбияси оғир вояга етмаганлар ва ёшлар, нотинч оилалар фарзандлари ва уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга бириктиришнинг аҳамияти катта экани қайд этилди.
Мамлакатимизда амалга оширилган профилактик ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган ўн ойида содир этилган жиноятлар сони 2017 йилга нисбатан сезиларли даражада камайган. 2018 йилнинг ўтган вақти давомида “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмалари аъзоларининг хабари ёрдамида 53 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланган.
Ўз хизмат фаолиятига масъулият билан ёндашган, маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик содир этилишига йўл қўймаган, шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни очишда ёрдам берган 756 нафар “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси аъзолари рағбатлантирилган, шундай фидойи посбонларнинг 120 нафари ички ишлар органларига хизматга қабул қилинган.
Тадбирда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилиб, жиноятчиликнинг олдини олиш, тарбияси оғир ёшлар билан ишлаш механизмини такомиллаштириш, тўй ва бошқа оилавий маросимларни ихчамлаштиришда кекса авлод вакилларининг фаоллигини ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Н.Усмонова, ЎзА​​