“Ўзатом” агентлиги атом электр станцияси қурилиши бўйича халқаро тажрибаларни ўрганмоқда

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 19 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида “Ўзатом” агентлиги атом электр станцияси қурилиши борасида халқаро тажрибаларни ўрганмоқда.
Агентликнинг ахборот хизмати маълум қилишича, жорий йилнинг 11-13 ноябрь кунлари “Ўзатом” делегацияси атом энергетикаси соҳасида Венгрия тажрибаси билан танишиш мақсадида Будапешт шаҳрида бўлди.
Томонлар ўртасида бўлиб ўтган учрашувларда атом энергетикаси ривожи табиий ресурсларни асраб-авайлаш ва улардан оқилона фойдаланиб, мавжуд имкониятлар асосида экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш йўлида муҳим омил экани таъкидланди.
Унда “Ўзатом” делегацияси “Пакш-2” АЭС лойиҳаси ва уни амалга ошириш жараёнлари билан яқиндан танишди.
“Пакш-2” лойиҳаси 2009 йил Венгрия парламенти томонидан маъқулланган. Унинг қурилиши учун “Пакш-1” атом электр станцияси ёни ва Дунай дарёси бўйи танланган. 2014 йилда “Пакш-2” атом электр станцияси жойлаштириладиган майдонда тадқиқотлар ўтказилиши учун регулятор томонидан лицензия берилган ва 2017 йилнинг 30 мартида янги АЭС учун жой танлаш учун лицензия олинган. Лойиҳа қурилиш ва хавфсизликка оид қатъий талаблар асосида экспертизадан ўтказилган бўлиб, бу борада олинган 6 000 дан зиёд лицензия шулар жумласидан. Айни чоғда лойиҳа янги АЭС қурилиши учун лицензия олиш босқичида турибди.
Ушбу лойиҳани амалга оширишни бошлаш учун Венгриянинг 41 аҳоли яшаш пунктида лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш учун жамоатчилик эшитувлари ташкил қилинган. Шу билан бирга, минтақадаги 30 давлатга жамоатчилик эшитувларини ўтказиш бўйича сўровлар юборилган.
“Пакш-2” АЭС лойиҳасини амалга оширишда Венгрия томони “Росатом” давлат корпорацияси билан ЕРС-контракт ҳамда фойдаланиш пайтида ёрдам кўрсатиш ва ёқилғи етказиб бериш бўйича контракт имзоланган.
“Ўзатом” делегацияси Пакш шаҳридан беш километр узоқликда жойлашган “Пакш-1” атом электр станцияси ва АЭС қошидаги ўқув марказ билан танишди. Якунга кўра, венгриялик ҳамкасблар билан ушбу ўқув маркази негизида Ўзбекистон атом энергетикаси соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ҳамда бу борада ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Венгрияга уюштирилган сафар доирасида делегация жорий йилнинг 14-15 ноябрь кунлари Москва шаҳрида бўлиб, у ерда “Росатом” давлат корпорацияси операцион бошқарув бўйича бош директорининг биринчи ўринбосари Александр Локшин ва “Русатом Оверсиз” АЖ президенти Евгений Пакерманов билан музокаралар ўтказилди. Музокаралар давомида лойиҳани амалга ошириш бўйича келгуси умумий ҳаракатлар, шу жумладан, республика атом соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, қурилаётган ва фаолият кўрсатаётган АЭСда стажировкаларни ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг “Ўзатом” делегацияси “Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқот ядро университетига ўқиш учун жўнатилган ўзбек талабалари билан учрашув ўтказди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА​​