​Жаҳон чемпионатига йўл болалар футболидан бошланади

Жорий йилда пойтахтимизнинг Яшнобод тумани ҳокимлиги ташаббуси билан “Яшнобод” профессионал футбол клуби ташкил этилган эди. Айни пайтда ушбу жамоа Тошкент шаҳар чемпионатида муваффақиятли қатнашиб келмоқда.
 
photo5454243205177518626.jpg
– Ҳудудимизда 57 маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд, – дейди Яшнобод тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Ҳожиакбар Тиллашайхов. – Туман аҳолисининг катта қисми вояга етмаган болалар ва ўсмирлардир. Мақсадимиз ана шу фарзандларимизнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни миллионлар ўйини – футболга жалб этиш ва шу орқали янги истеъдодларни кашф қилишдан иборат. Яхши ният билан туманимизда “Яшнобод” профессионал футбол клубига асос солинди. Ҳозирда уларнинг эришаётган натижалари ёмон эмас. Айни шу клуб қошида ташкил этилган болалар футбол секцияларида юзлаб ёшлар маҳоратини оширишмоқда. Муҳими, улар соғлом ва баркамол вояга етиб, жамиятимизга нафи тегадиган инсон бўлса, бас.
Шаҳар ва мамлакат миқёсидаги мусобақаларда иштирок этиб келаётган “Яшнобод” болалар футбол жамоаси жорий йил 23 ноябрь 2 декабрь кунлари Малайзияда бўладиган болалар ўртасидаги халқаро турнирида қатнашиш учун таклифнома олди. Туман ҳокимлиги болалар футбол жамоасини қўллаб-қувватлаб, уларнинг 20 дан ортиқ давлатдан ёш футболчилар қатнашадиган халқаро турнирда иштирокини таъминлади.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида 14-15 ёшли футболчилардан иборат “Яшнобод” футбол жамоаси халқаро турнирда иштирок этиш учун Куала-Лумпурга кузатилди. Шу муносабат билан ўтказилган маросимда туман фаоллари, ота-оналар жамоа аъзоларига омад ва оқ йўл тилади.

 

Абдулазиз Мусаев, ЎзА