Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бошланди

Самарқанд шаҳридаги Форумлар саройида бугун, 22 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўз ишини бошлади.
 
13.JPG
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган кенг миқёсли тадбир БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги идорасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори ваколатхонаси, БМТ Тараққиёт Дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва Истанбулдаги минтақавий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ва Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Парламенти ассамблеяси ҳамкорлигида ташкил қилинмоқда.
14.JPG
Форумда миллий ва хорижий экспертлар, парламент ва суд тизими, ҳуқуқни муҳолфаза қилувчи органлар, ҳисоботлар тақдим этиш ва кейинги ҳаракатлар бўйича давлат мувофиқлаштириш органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, халқаро ва минтақавий ҳукуматлараро ташкилотларнинг 500 дан зиёд вакиллари иштирок этмоқда.
18.JPG
Юқори савиядаги халқаро форумда Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон, Россия, Монголия, Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон каби дунёнинг қатор мамлакатларидан қатнашчилар ташриф буюрган.
26.JPG
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Форум иштирокчиларига мурожаатини Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев ўқиб эшиттирди. Шунингдек, БМТ Бош котиби Антонио Гуттериш ҳам видео мурожаат йўллади.
Анжуман доирасида фуқароларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-гуманитар, маданий соҳалардаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашдаги халқаро меъёрлар, миллий тажриба ва мавжуд муаммоларни бартараф этишга бағишланган сессия мажлислари ташкил этилади.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА