Германия халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фонди томонидан мамлакатимиздаги ёш фермерларнинг молиявий-иқтисодий билимини оширишга қаратилган мега-лойиҳа амалга оширилади. 

Бу ҳақда фонднинг Ўзбекистондаги вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда маълумот берилди.

2003 йилда ташкил этилган мазкур фонд кўп йиллардан буён мамлакатимизда ҳам ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда. Навбатдаги мега-лойиҳа Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши билан ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган. Лойиҳа дастлаб тажриба тариқасида танланган ҳудудда 3 йўналиш – чорвачилик, маҳсулот етиштириш ва маҳсулотни қайта ишлаш бўйича босқичма босқич амалга оширилади. Ўша ҳудуд учун тренерлар тайёрланиб, уларнинг истиқболдаги режаларини амалга оширишга кўмак берилади. Натижалар таҳлил қилингач, ушбу мега-лойиҳа икки йил мобайнида республикамизнинг барча ҳудудларида юқори савияда ўтказилади. Бундан ташқари, ҳар бир ҳудуддаги лойиҳа тренерлари йиллик фаолиятининг самарадорлигидан келиб чиққан ҳолда Германияда бир ойлик малака ошириш ўқув курсларида иштирок этади.

Мега-лойиҳани 2019 йил январдан бошлаб амалга ошириш режалаштирилмоқда.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА