Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан жорий йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Халқаро пресс-клуб томонидан ушбу йирик форум олдидан брифинг ташкил этилди.
Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари, БМТнинг Женева шаҳридаги бўлинмаси бош директори Майкл Мёллер, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Ҳелена Фрейзер, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Ришард Коменда, ЕХҲТ демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг демократлаштириш масалалари бўйича департаменти раҳбари Марчин Валецки иштирок этди.
– Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида бир қатор муҳим халқаро ташаббусларни илгари сурган эди, – деди А.Саидов. – Давлатимиз раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан мулоқоти чоғида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумини ўтказиш таклифини берган эди. Бу ташаббус халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланди.
Брифингда қайд этилганидек, Президентимизнинг жорий йил 5 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида“ги фармони форумни ташкил этиш, унга тайёргарлик кўришда бош мезон бўлиб хизмат қилди.
Нуфузли тадбирда БМТ, ЕХҲТ, ИҲТ каби халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари, хорижий мамлакатлар парламентлари аъзолари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллари, экспертлар иштирок этади. Форум ишини маҳаллий ва хорижлик журналистлар ёритиб боради.
Форум сессиялари “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси мероси – универсаллик ва инсон ҳуқуқлари”, “Инсон ҳуқуқлари – Барқарор ривожланиш мақсадларини таъминлаш асоси сифатида”, “Инсон ҳуқуқлари соҳаси таълими: инновациялар ва янги даъватлар”, “Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши, ҳимоя этилиши ҳамда уларга риоя қилинишини таъминлаш масалаларида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги” деб аталган бўлиб, уларда муайян мавзулар бўйича мулоқот олиб борилади.
Форум ишида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қитъамиздаги мавжуд механизмларни янада такомиллаштириш ва янгиларини таъсис этиш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда. Ушбу якуний ҳужжат Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган вазифаларни янада самарали бажаришга хизмат қилади.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА