Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида “Марказий Осиё китобат санъати ва миниатюраси” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Жаҳон маданиятидан муносиб ўрин эгаллаган, Шарқ халқларининг муштарак бадиий мероси ҳисобланадиган миниатюралар китобат санъатининг таркибий қисми бўлиб, улар қадимги нодир қўлёзмаларни зийнатлаш баробарида, мазкур асарлардаги илғор инсонпарварлик ғояларини, эзгу интилиш ҳиссини, гўзаллик тўғрисидаги тасаввурни ифодалашга ҳам хизмат қилади.

Турли санъаткорлар – хаттот, мусаввир, музаҳҳиб, муқовасоз, жадвалкаш ва бошқаларнинг ижодий ҳамкорлигида яратилган нодир қўлёзмалар ўша давр ижтимоий-маданий ҳаётини, бадиий-эстетик қарашларини ўрганишда муҳим манбадир.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Истанбул шаҳридаги Тўпқопи саройи, Турк ва ислом асарлари музейлари фондида сақланаётган Алишер Навоий портрети ҳамда 18 хил миниатюра ва безаклар нусхасининг Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейига совға қилиниши музей фондини XIV-XVI аср китобат санъати дурдоналари билан бойитди.

Тадбирда музейда намойиш этилаётган XIV-XVI аср Самарқанд, Бухоро миниатюра мактаблари намуналари бўйича олиб борилган илмий-тадқиқотлар ҳақида сўз борди. Миниатюра санъатини янада кенг тарғиб этиш масаласи муҳокама қилинди.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА