Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Қўчқор Норқобилнинг “Бу ерларда ҳаёт бошқача”, Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Осмон оғуши”, Луқмон Бўрихоннинг “Титраётган тоғ” ҳамда Исажон Султоннинг “Ҳазрати Хизр изидан” асарлари тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, маънавият тарғиботчилари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори мазкур ишлар ривожида муҳим ҳужжат бўлмоқда.
Тақдимотда эътироф этилганидек, Ғофур Ғулом номидаги нашриёт матбаа-ижодий уйи томонидан нашр этилган мазкур асарларда турли соҳаларда ўз касбининг моҳир устаси, замон билан ҳамнафас, халқ ва ватан учун яшайдиган оддий инсонларнинг ҳаёти ранг-баранг мавзуларда ёритиб берилган.
Хусусан, Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Осмон оғуши” асарида Жиззахнинг дашту биёбонларида, орзулар оғушида улғайган болакайнинг кўнгил кечинмалари, Исажон Султоннинг “Ҳазрати Хизр изидан” асарида эса дунё яратилишига қизиқувчи қаҳрамоннинг рангин ўй-хаёллари қаламга олинади.
Луқмон Бўрихоннинг “Титраётган тоғ” асарида йигирма биринчи асрнинг биринчи ўн йиллигидаги мўъжизалардан бири – “Тошкент –Қумқўрғон” темир йўли қурилиши бадиий бўёқларда акс этган. Бунда соҳа ходимларининг иш ва ишдан кейинги ҳаёти, яшаш тарзи ҳамда уларнинг касбига бўлган садоқати моҳирона тасвирланган.
Қўчқор Норқобилнинг “Бу ерларда ҳаёт бошқача” китобида эса ватанга бўлган муҳаббат ва одамларнинг яшаш шароити гавдалантирилган. Шунингдек, китобдан “Ўқ томир” номли кино қиссаси ҳам жой олган бўлиб, унда ватан, чегара ҳимоячилари ҳақида ҳикоя қилинади.