ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси делегациясининг учрашувлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Қонунчилик палатасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси раиси Георгий Церетели бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистоннинг ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси билан ҳамкорлик муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболдаги режаларига оид масалалар муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, хавфсизлик ва миллатлараро тотувлик, ташқи сиёсатда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, трансмиллий хатарлар ва хавфсизликка таҳдидларга қарши курашиш жараёнида олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.

5.jpg

8.jpg
Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда парламент дипломатияси ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва “халқ дипломатияси”ни ривожлантиришнинг энг муҳим ресурси сифатида эътироф этилмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ЕХҲТ институтлари, жумладан, Парламент Ассамблеяси билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга эътибор қаратмоқда. Трансмиллий хатарлар ва хавфсизликка таҳдидларга қарши курашиш, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда.
Томонлар қайд этганидек, Ўзбекистоннинг ЕХҲТ билан ҳамкорликни мустаҳкамлаши ташкилотга аъзо давлатлар билан алоқаларни ривожлантириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар мазмун-моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказиш учун янги имкониятлар яратади.

– Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида олиб борилаётган демократик ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда, – дейди ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси раиси Георгий Церетели. – Бу эътирофга молик жиҳат. Шунингдек, ташкилотимиз билан ҳамкорлик алоқалари тикланаётгани ҳам жуда муҳимдир. Кузатувларимиз давомида юртингизда қатор соҳаларда амалга оширилаётган янгиланишлар гувоҳи бўлмоқдамиз. Самарқандда Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумининг ўтказилаётгани мамлакатингиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида амалга оширилаётган йирик ислоҳотлар самарасидир.

Делегация аъзолари парламент қуйи палатасида ҳам бўлди.

5.jpg

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари С.Отамуродов билан мулоқотда меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат бошқарувида парламент роли ва нуфузини ошириш юзасидан кўрилаётган амалий чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумот берилди.

2.jpg

Делегация вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси яққол кўзга ташланаётгани, бу эса нафақат мамлакатда, балки бутун минтақадаги вазиятга ҳам ижобий таъсир ўтказаётганини таъкидладилар.

57 давлатни бирлаштирувчи ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси билан мамлакатимиз парламенти ўртасида яқин ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ҳар икки томон учун ҳам манфаатли экани алоҳида қайд этилди.

Самимий ва амалий руҳда кечган мулоқотда Ўзбекистоннинг ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси билан алоқаларни янада мустаҳкамлашига оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгилаб олинди.

 

Зуҳра Мирзабоева, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА