​Ким ҳақу ким ноҳақ?

Ёхуд мерос талашишнинг ҳуқуқий ва маънавий оқибатлари ҳақида
Фуқаролар ўртасида соғлом муносабат қарор топиши, уларнинг аҳил-иноқ ва тинч-тотув яшашидан давлат ва жамият ҳамиша манфаатдор. Зеро, соғлом муносабат, соғлом оилалар жамият асосини ташкил этади.
Афсуски, амалдаги қонун талабларини билмаслик туфайли келиб чиқаётган мерос мулки билан боғлиқ низолар баъзан ана шу муносабатларга таъсир кўрсатмоқда.
Чунки суд амалиёти таҳлилидан маълумки, бундай низолар кўпинча ворислар бир-бирининг қонуний ҳуқуқларини тан олишни истамагани боис келиб чиқади.
Аслида мерос мулкини тақсимлашда ворислар ўртасидаги ўзаро келишув энг мақбул ечим ҳисобланади. Бу муаммога ҳатто суд томонидан қонуний ечим топилган тақдирда ҳам низолашиш ворисларнинг ўзаро қариндошлик муносабатларига, ўртадаги меҳр-оқибатга путур етказади.
Бунга ҳаётий бир мисол. Бахтиёр бобо ва Мадина момо (исмлар ўзгартирилган) Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги қийинчилик, оғир шароитларга қарамасдан аҳил-иноқ яшаб, 7 фарзанд­ни тарбиялаб, вояга етказди. Фарзандларининг аксарияти олий маълумотли мутахассис бўлиб етишди.
Вақт-соати билан қизлар турмушга узатилди, ўғиллар уйланди ва барчаси ўз уй-жойига эга бўлди. Бахтиёр бобо умр йўлдоши вафотидан сўнг 4 хонали уйда ёлғиз қолди. Албатта, фарзандлар отанинг ҳолидан вақти-вақти билан хабар олиб турди.
Фарзандлар ўртасидаги низо 2015 йилда Бахтиёр бобо вафот этгач бошланди. Яъни 4 хонали уйни меросхўр­лар ўртасида тақсимлаш масаласи ўза­ро тортишувга сабаб бўлди. Охир-оқибат бир-бирига жондек азиз опа-сингиллар ўртасидаги меҳр-оқибатга путур етди.
Шу ўринда суд Бахтиёр отанинг фарзандларига белгиланган тартибда, меросни тақсимлаб берса бўлмасмиди, деган савол туғилиши мумкин. Суд меросни тақсимлаш борасида амалдаги қонунчилик асосида ўз қарорини қабул қилди, албатта. Аммо ушбу қарордан 60 дан ошган сингил норозилигича қолмоқда.
Норозилик шу қадарки, сингил судга ва бошқа турли идораларга 30 дан зиёд ариза билан мурожаат қилиб, ишни кўрган судьяларни, мутахассис-экспертларни, опаси ва бошқа қариндошларини ёппасига адолатсизликда айбламоқда. Унинг талаби уйнинг бир хонасини ажратиб олиб, алоҳида кириш-чиқиш эшиги ўрнатишдан иборат.
Катта опа эса 5 нафар вориснинг улушини нақд пулда бериб рози қилгани сабабли улар ўз мерос улушидан унинг фойдасига воз кечган. Шунинг учун катта опанинг улуши мерос мулкининг 6/7 қисмини, сингилнинг улуши 1/7 қисмини ташкил этади.
Бу ёғини сўрасангиз, мерос мулки – 4 хонали уй кўп қаватли бинода жойлашган. Сингилнинг талаби эса, ўз мерос улушини натура ҳолида ажратиб олишдир. Иш бўйича тайинланган судга оид қурилиш экспертизаси хулосасига кўра, 4 хонали уйни натура ҳолида 1/7, 6/7 қисмларга бўлишнинг техник имконияти мавжуд эмас.
Энг қизиғи, сингил опасининг: “уйни бўлиб бўлмас экан, майли, жанжаллашмайлик, уйни тўлиқ олгин-у, бизнинг 6/7 қисм мерос улушимизни берақол“, деган талабига ҳам кўнмайди, у ўз улушини пулда олишга ҳам рози эмас. Сабаб битта, яъни “мен отамнинг чироғини ёқиб ўтиришим керак, отам уйини музей қилиб қўйишим керак“, деган важдан нарига ўтмайди.
Ҳатто вазият шу даражага етдики, син­гил судда: “Уй опамга қолганидан кўра, давлат ҳисобига олиб қўйинглар“, деган талабини ҳам айтди. Мулк ворисларидан бири бўлган сингилнинг асл мақсади нима ўзи, деган саволга жавоб аниқ. Гап шундаки, сингил ўзидан бошқа ворисларнинг қонуний ҳуқуқини тан олишни истамайди. Худди шу ҳол яқин қариндошлар ўртасидаги можаронинг энг асосий сабабидир.
Фикримизча, ота-она “чироғини ёқиб“ ўтиргандан кўра, уларнинг руҳини чирқиратмаслик, мол-мулк, деб жондай азиз жигарларидан тирик айрилмаслик ҳақида кўпроқ ўйлаш лозим. Зеро, ҳеч ким бу дунёдан бирон-бир мулкни нариги дунёга ўзи билан олиб кетган эмас.
Энг ачинарлиси, ўртада шунча асаббузарлик, жигарларнинг бир-бири билан ёвлашгани қолади. Қолаверса, бу мерос можароси келишув асосида тинч йўл билан ҳал этилмаса, эрта бир кун опа-сингилларнинг фарзандлари ҳам мерос талашиб, ёвлашмаслигига ким кафил бўлади, дейсиз.
Ҳар кимнинг, аввало, ўзига инсоф берсин. Мерос талашиб, фарзандларимизга ўзаро ғанимликни “мерос“ қолдирмайлик.
Холмўмин Ёдгоров,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди раисининг ўринбосари.

 

ЎзА