Туркия расман баёнот бериб, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларига мамлакатда визасиз 90 кун бўлиш имкониятини тақдим қилаётганини билдирди. Аввал Марказий Осиёдаги мазкур мамлакатлар фуқароларининг Туркияда визасиз максимал бўлиш муддати 30 кунни ташкил қиларди.
2015 йилда Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар совуқлашгани боис, Туркияга келиб дам олувчи россиялик сайёҳлар сони камайиб кетди. Бу вазият Туркия туризм тармоғига салбий таъсир кўрсатмай қолмади. Халқаро муносабатлар бўйича эксперт, доцент Сердар Йилмазнинг фикрича, визасиз бўлишни 90 кунгача узайтириш иқтисодий, сиёсий ва маданий яқинлашувга омил бўлади:
– Турк тилли мамлакатлар фуқароларининг визасиз бўлиш муддатини узайтириш қарори бу мамлакатлар билан алоқаларни, улар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлайди. Туркия Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари учун виза бериш масаласида кўплаб енгилликлар берар экан, бу мамлакатлардан ҳам худди шундай йўл тутишни кутади.
2018 йил ноябрь ҳолатига кўра, Туркияда 787 мингдан ортиқ хорижлик фуқаро рўйхатга олинган. Шундан 383 минг киши қисқа муддатлик сайёҳлик визаси билан ишлайди. Меҳнат визаси бўйича ишлайдиганлар сони эса 56 мингга яқин кишини ташкил қилади. Туркия ИИВ статистикасига кўра, Марказий Осиё мамлакатларидан келган фуқаролар сони бўйича Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилик қилади.