Давлатимиз раҳбари таркибида АҚШ Вакиллар палатаси аъзолари Висенте Гонсалес, Рональд Эстес, Рожер Маршалл ва Женнифер Гонсалес Колон ҳам бўлган делегацияни самимий қутлар экан, конгрессменларни АҚШ парламентига оралиқ сайловнинг муваффақиятли ўтгани билан табриклади.
Кейинги йилларда кўп қиррали Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлиги жадал ривожланиб бораётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил май ойида Вашингтонда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб бергани таъкидланди.
Турли йўналишлар бўйича икки томонлама алоқалар фаоллашди, конструктив сиёсий мулоқот йўлга қўйилди, парламентлараро алмашувлар, шунингдек, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик кенгаймоқда.
Савдо-иқтисодий соҳада биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ўзаро савдо ҳажмини ошириш, Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларини ривожлантириш ва модернизация қилишга етакчи АҚШ компанияларининг тўғридан-тўғри инвестициялари ва технологияларини жалб этиш борасида аниқ манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жорий йил бошидан буён ўтган даврнинг ўзида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ортди, мамлакатимизда АҚШ капитали иштирокида 25 дан зиёд янги корхона ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари АҚШ Вакиллар палатасида конгрессменлар Т.Келли ва В.Гонсалес раҳбарлигида «Ўзбекистон бўйича кокус» ташкил этилганини мамнуният билан қайд этди. Ушбу механизм ҳар томонлама муносабатларни кенгайтириш ва аниқ иқтисодий лойиҳаларни илгари суришда самарали омил бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Учрашувда икки томонлама муносабатларга доир, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик учун қулай шароитлар яратиш ҳамда бу борадаги қўшма лойиҳаларни, аввало, ҳудудлараро даражада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Конгрессменлар давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда янги босқичда амалга оширилаётган ҳамда барча соҳа ва йўналишларни қамраб олган ислоҳот ва янгиланишларга юксак баҳо берди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтиришга фаол кўмаклашишга тайёрлик таъкидланди.