Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолни катта ва ўрта авлод вакиллари яхши билади. Кимдир қалами ўткир шоир, деб билса, ким учундир у жаҳон классик адабиёти намуналарининг моҳир таржимони.
“Абадият остонасида“ китобида юртимиз мустақиллиги арафаси ва мустақиллик йилларида битилган, жамият ҳаётининг долзарб масалаларига бағишланган мақолалари, ижодкорлар ҳақидаги адабий мушоҳадалари, хотиралари жамланган. Китоб сўнггида “Чор дарвеш ва Зарафшон ёди“ киноқиссаси ҳам илова этилган.
Китобнинг дастлабки саҳифаларидаёқ ижодкорнинг дадил фикрлари, теран мулоҳазалари, ўткир таҳлилларга бой тафаккур шамолига дуч келасиз. “Умид чироғи қачон ёнади?“ сарлавҳали материалда Орол денгизи фожиаси ҳақидаги таҳлил, факт, рақамларга бой фикрлар берилган. Ижодкорнинг бундан чорак аср муқаддам ёзган ушбу публицистик асарида айтилган “Халқ кўп йиллардан бери Оролни муҳокама қилади. Балиқчилар, пахтакорлар, журналистлар, агрономлар, ўқитувчилар, олимлар – хуллас, ҳамманинг юрагида Оролнинг қайғуси бор. Бировлар унга ўлим ҳукмини чиқарса, чиқараверсин, лекин халқ ўз денгизининг ўлишини истамайди“, деган фикрлар бугунги кун учун ҳам долзарбдир.
– Ижодкорлар билан учрашиш ҳамиша байрам мақомида бўлади, – дейди профессор Нарзулла Жўраев. – Жамол Камол каби таржимон, шоирлар камдан-кам туғилади. Бу инсон халқимиз, адабиётимиз, умуман маънавиятимиз учун жуда катта хизмат қилиб келмоқда.
Тадбир сўнггида шоир шеърларини маҳорат билан ўқиган, шоирга энг мазмунли ва қизиқарли савол берган талабаларга муаллиф дастхати туширилган Жамол Камол “Сайланма“сининг уч жилди совға қилинди.