Мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган I халқаро туризм инвестиция форуми олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчиси Улуғбек Қосимхўжаев Ҳиндистон, Хитой, Сингапур, Туркия, Россия каби давлатларга тегишли йирик инвестиция компаниялари Ўзбекистонда турли типдаги сайёҳлик инфратузилмаларни барпо этиш бўйича қўшма лойиҳаларини ишлаб чиқишга қизиқиш билдираётганини қайд этди.
Унинг таъкидлашича, ўтказиладиган форум маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун мулоқот, музокара, келишувлар платформаси бўлади.
“Мазкур форумни ўтказиш чора-тадбирлари бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди. Ўзбекистон тажрибасида бунақаси бўлмаган. Эндиликда ушбу ҳужжат асосида инвесторларга электрон савдоларсиз туристик инфратузилмани барпо этиш учун ер майдонини ажратиш имконияти туғилди“, деди Улуғбек Қосимхўжаев.
Унинг маълум қилишича, эндиликда қўмита тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда сайёҳлик соҳасига оид инвестиция лойиҳалар мониторингини олиб боради. Бундан мақсад лойиҳалар ижросини назорат қилиш, аниқланган камчилик ва муаммоларни маҳаллий ҳокимликлар кўмагида бартараф этишдир.
“Мисол учун инвестор ўз лойиҳасини амалга оширмоқчи бўлган ҳудуд инфратузилмалари талаб даражасида бўлмаслиги мумкин. Яна газ, электр энергияси таъминотидаги узилишлар. Сармоядор дуч келган бу муаммоларни ечиш учун биринчи навбатда кимга мурожаат қилган бўларди? Албатта маҳаллий ҳокимликка. Бизнинг мақсадимиз ҳам шу. Форум кўмагида инвесторларга ишончли маҳаллий ҳамкорларни топиб бериш“, деди у.
Маълумот ўрнида, юртимизда жорий йилнинг 19-21 ноябрь кунлари илк бор ўтказиладиган I халқаро туризм инвестицион форумининг ташкилотчилари ташқи ишлар, ташқи савдо вазирликлари, туризмни ривожлантириш, инвестициялар бўйича давлат қўмиталари, савдо-саноат палатаси, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳисобланади.
Форум доирасида сайёҳлик инфратузилмалари бўйича 500 дан зиёд лойиҳалар тақдимоти, B2B учрашувларини ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, форум натижалари бўйича инвесторлар, вазирликлар, идоралар ва ҳокимиятлар ўртасида шартномалар, ҳамкорлик битимлари имзоланиши кутилмоқда.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА