Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек мадрасасида орадан олти аср ўтиб яна туркийзабон ижодкорларнинг шеърлари янгради.
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Республика ёш ижодкорлар кенгаши ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши томонидан ташкил этилган “Самарқанд шеър оқшомлари” туркийзабон ёш ижодкорлар анжумани ушбу тарихий масканда бошланди.
Тадбирда юртимиз ёш ижодкорлари билан бирга Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжондан келган истеъдодли йигит-қизлар қатнашмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ, Ўзбекистон халқ шоирлари Хуршид Даврон ва Усмон Азим туркий халқларнинг муштарак маданияти, адабиёти ҳақида сўз юритди. Ушбу халқлар ижодкорларининг азалий ҳамкорлиги бугун ҳам давом этаётгани қайд этилди. Илк бор ўтказилаётган мазкур тадбир адабий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ёш ижодкорларнинг ўзаро тажриба алмашишларига хизмат қилиши таъкидланди.
– Кейинги йилларда мамлакатимизнинг минтақа ҳамда туркий тилли давлатлар билан турли соҳалардаги ҳамкорлиги ривожланиб бормоқда, – дейди Республика ёш ижодкорлар кенгаши раиси М.Аббосова. – Биз ҳам бундан руҳланиб, ушбу анжуманни ўтказишга аҳд қилдик. Бу орқали тенгдошларимизнинг ижоди билан яқиндан танишиш, адабий алоқаларимизни кучайтириш имкониятига эга бўлганимиздан бахтиёрмиз.
Уч кунлик анжуман давомида мушоиралар, давра суҳбатлари ва юртимизнинг таниқли шоир ва адабиётшунослари билан учрашувлар, маҳорат машғулотлари ўтказиш кўзда тутилган. Шунингдек, тадбир иштирокчилари Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликларни ҳам зиёрат қилади.