Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, академик Матёқуб Қўшжонов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда барча соҳалар қаторида миллий адабиётимиз ривожини янги босқичга кўтариш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. Адабиётимизнинг серқирра намоёндаси Матёқуб Қўшжоновнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги унутилмас хотиралар ёдга олинди.
Адабиётшунос домланинг асосий илмий ишлари ХХ аср ўзбек адабиётининг ривожланиш тамойиллари, адабий танқид ва адабиётшунослик методологияси муаммолари, адабиёт назарияси ҳамда ёзувчи маҳорати масалаларига бағишланган. Тадқиқотларида А.Қодирий, А.Қаҳҳор, Ойбек, П.Қодиров, О.Ёқубов, А.Орипов каби ёзувчи ва шоирларнинг маҳоратини кўрсатиб берган, бадиий асарлардаги сюжет, композиция, характер ва конфликт масалаларини таҳлил қилган.
Олимнинг “Тепки босилди”, “Алам”, “Дагиш”, “Армон” ва “Ўзбекнинг ўзлиги” каби бадиий-биографик асарлари кўплаб мухлисларига эга. Шунингдек, икки жилдлик “Адабиёт назарияси”, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, “Русча-ўзбекча луғат” ва беш жилдлик “Ўзбек адабиёти тарихи” нашрларининг яратилишида ўз ҳиссасини қўшган.
Матёқуб Қўшжоновнинг самарали хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланди. Домла “Эл-юрт ҳурмати” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.