Навоий шаҳридаги Санъат галереясида япониялик олим, фоторассом, Навоий шаҳрининг фахрий фуқароси Дайсаку Икеданинг “Табиат билан суҳбат” номли фотокўргазмаси очилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари, таниқли ижодкорлар, таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон ва Япония давлатлари ўртасида барча соҳаларда бўлгани каби маданий йўналишда ҳам алоқалар тобора ривожланиб бораётгани таъкидланди.

– Ушбу кўргазма Ўзбекистон-Япония дипломатлик алоқаларининг 25 йиллигига ҳамда шаҳримизнинг 60 йиллик байрамига муносиб туҳфа бўлди, – деди Навоий шаҳри ҳокими М.Бозоров. – Намойиш этилаётган асарларда ажойиб табиат манзаралари, дунёнинг турли жойларидаги инсонлар ҳаёти, Япония манзаралари ўзига хос ифода этилган.

Ижодкорнинг “Гавайи ороллари”, “Фудзи тоғи”, “Япониядаги Сока университети”, “Ниагара шаршараси” каби асарлари кўргазма қатнашчиларида катта таассурот қолдирмоқда.

 

Нуриддин Раҳимов, ЎзА