Янгибой оға худди ўзидек самимий, дилдан, завқ ва меҳр, юртига, юртдошларига тенгсиз муҳаббат билан ёзади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, журналист ва таржимон, эссенавис ижодкор Янгибой Қўчқоров ижодига бағишланган маърифий-адабий кеча бўлиб ўтди.
“Адабиёт қуёши ҳамиша мунаввар бўлсин“ деб номланган мазкур учрашувга ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, олий таълим даргоҳларининг профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, сўз санъати мухлислари таклиф этилди.
Мамлакатимизда санъат ва маданият, адабиёт соҳасида меҳнат қилаётган ижодкорларнинг эмин-эркин фаолият кўрсатиши, уларнинг самарали ижод қилиши учун зарур шароит яратиш борасида кенг қамровли ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда фидойи, жонкуяр, ўз устида тиним билмай изланувчи қаламкашлар асарларни халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, уларнинг яхши китобга бўлган меҳри ва ихлосини кучайтиришга доимий эътибор қаратилмоқда.
Янгибой Қўчқоров сарҳад билмас, ерлари осмон билан туташиб кетган қорақалпоқ заминида туғилиб вояга етди. Олий билим даргоҳини тамомлагач, кўп йиллар мобайнида республиканинг етакчи босма оммавий ахборот воситаларида самарали меҳнат қилди. Юртимиз ҳаётида кечаётган шиддатли ислоҳотлар, истиқлолнинг, тинч ва осойишта кунларимизнинг, заҳматкаш ҳамюртларимиз меҳнатининг қадр-қиммати унинг мақолалари, ҳикоя ва эсселарида устувор ўрин эгаллайди.
Шоирнинг, айниқса, 2012 йилда чоп этилган “Жайхун бўлиб оққан сўз” номли китобида 50 мумтоз ва ҳозирги замон қорақалпоқ шоирларидан қилган таржималари, 40 адиб ҳамда шоирларимиз ҳақидаги эссе, этюдлари берилган.
Ижодкорнинг яқиндагина “тандирдан узилган“ китоблари – “Кумуш чўққи ёғдулари“ асари икки қисмдан иборат. “Истиқлол довонида“ деб номланган илк бўлимда адабиётимизнинг яқин ўтмиши ва бугуни ҳақидаги сермазмун ўй-фикрлар билан танишиш имконияти яратилган. Китобнинг иккинчи қисмида эса Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ҳамда унга замондош адиблар ижодига теранроқ назар ташлангани билан аҳамиятлидир. Ижодкор таржима қилган тўпламлар – “Навоийдан савод очдим“ китоби мумтоз ва замонавий қорақалпоқ шеъриятидан мухлисларни баҳраманд этса, “Қозоқнинг қирқ оқинидан қирқ ўлан“ китоби мумтоз ва ҳозирги замон қозоқ шеърияти билан китобхонларни яқиндан таништиради.
Маърифий кечада ижодкорнинг яқинда чоп этилган китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Янгибой Қўчқоров ижодининг ўзига хос жиҳатлари, унинг ибратли инсоний фазилатлари, серқирра ижод йўли, келгусидаги режалари хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, ЎзА