Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамкорлигида “XXI аср мусиқа санъати: муаммо ва ечимлар“ мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Конференция ишида Австралия, Вьетнам, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатларнинг мусиқачилари, олимлари ҳам иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 августда мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан ўтказган тарихий учрашуви санъат, адабиёт, оммавий ахборот воситалари, маданий-маърифий ҳаётимизда янги босқични бошлаб берди.
Бу учрашув мусиқа соҳаси вакиллари зиммасига ёшларнинг мусиқий дидини тўғри шакллантириш, халқимизни юксак савияли, мукаммал, пухта мусиқий асарлардан баҳраманд этиш, ижодий ташкилотлар фаолиятини янада жонлантириш, улар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришдек долзарб вазифаларни қўймоқда.
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси томонидан ўтказилаётган турли фестиваллар, маҳорат сабоқлари, ижодий учрашувлар юртимиз ва халқаро мусиқий жамоатчиликнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишида, репертуарлари билан атрофлича танишишида муҳим мулоқотлар майдони бўлиб хизмат қилмоқда.
– Бугун мусиқачилар олдида турган вазифаларни кенг ва атрофлича муҳокама этиш, бир-биримизнинг фаолиятимиз билан яқиндан танишишда халқаро конференция ва фестиваллар ғоят катта аҳамият касб этади, – дейди вьетнамлик мусиқачи До Хонг Куанг. – Юртингизда халқаро симфоник мусиқа фестивали доирасида ташкил этилган бундай конференция ижодий мулоқотларимиз қамровини тобора кенгайтириш ва мустаҳкамлаш имконини бераётгани билан ҳам ғоят қадрлидир.
Анжуманда муҳокама этилган маърузалар юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Усмонова, ЎзА