Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг йиғилишида Давлат бюджетининг жорий йил 9 ойлик ижроси якунлари, шунингдек, 2019 йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокама қилинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг биринчи ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров ҳисобот давридаги амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.
Партия фракцияси аъзолари ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 52,1 фоизга ўсиб, белгиланган режа 115,3 фоизга бажарилганига эътибор қаратди. Бюджет даромадларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 22,2 фоизни ташкил қилди. Давлат бюджетининг харажатлари ўтган йилга нисбатан 30 триллион сўмга (1,6 баробарга) яқин оширилгани, харажатларнинг 60 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилган бўлиб, ажратилган маблағнинг асосий қисми тиббиёт ва маориф тизимига сарфланган.
– Президентимиз фармони асосида қабул қилинган Давлат дастурлари доирасида амалга оширилган ишлар жорий йилдаги фаолиятимизда муҳим ўринни эгаллади, – дейди молия вазири ўринбосари А.Ҳайдаров. – Хусусан, “Обод қишлоқ” дастури ижроси бўйича қишлоқ жойларнинг қиёфаси тубдан янгиланди. “Обод маҳалла” дастурида доирасида 214,2 миллиард сўм, шунингдек, қўшимча манбалар ҳисобидан яна 3,5 триллион сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури бўйича мамлакатимизда ёш тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни кичик бизнес билан шуғулланишга фаол жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш учун тижорат банклари орқали 7 фоизлик кредит берилди.
Йиғилишда фракция аъзолари 2019 йил Бюджетномасини муҳокама қилди. Маҳаллий ҳокимликларнинг ваколатини кенгайтириш ва режадан ошириб бажарилган даромадларни ҳудудларнинг ўз ихтиёрида қолдирилиш механизмини жорий этиш натижасида 2018 йил якунлари билан маҳаллий бюджетларда 5,5 триллион сўмдан зиёд маблағ қолиши кутилмоқда. Шу билан бир қаторда, мамлакатнинг бош молиявий ҳужжатида ўтган қисқа давр мобайнида жойларда халқ билан бўлган очиқ мулоқотлар чоғида фуқаролар билдирган кўп йиллик таклиф ва талабларни акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида ҳам шу масала муҳокама қилинди.
Фракция аъзолари ҳисобот даврида харажатларнинг илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантиришга, шаҳар ва қишлоқ жойларда намунавий арзон уй-жойлар барпо этишга қаратилганини алоҳида таъкидлади.
Муҳокамаларда ҳукумат томонидан тақдим этилган ҳисоботларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, мамлакатимиз бюджетининг ҳисобот давридаги ижроси билан боғлиқ бир қатор масалаларга эътибор қаратилди. Жумладан, 2018 йилда маданият муассасалари ходимларининг иш ҳақи тўловларини тўлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан уларнинг иш ҳақи ўртача 45 фоизга оширилди. Шунингдек, маданият уйларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва мукаммал таъмирлашга 70 миллиард сўм, давлат буюртмаси асосида миллий кино маҳсулотларини ишлаб чиқаришга 44 миллиард сўм, маданий ва археологик меросларни реставрация қилиш ишларига 63,8 миллиард сўм ажратилгани қайд этилди.
2019 йилги Давлат бюджетида туризмни ривожлантириш мақсадида “Гилам” музейини ташкил этиш учун маблағлар ажратиш кўзда тутиш кераклиги ҳақида таклиф билдирилди. Бундан ташқари, туризм соҳасига ижтимоий шерикчилик асосида хусусий мулкни кенг жалб этиш, ёшларимизни ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорликка йўналтириш зарурлиги ҳақида айтиб ўтилди.
2019-2021 йилларга мўлжалланган ўрта муддатли бюджет концепцияси ишлаб чиқилганлиги фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди, шунингдек, давлат бюджетини шакллантириш, унинг даромадлари ва харажатларини режалаштириш жараёнларини тубдан яхшилашда ва ижросини таъминлашда ушбу ҳужжатнинг нақадар муҳимлиги эътироф этилди. Айни пайтда бюджет концепциясида кўзда тутилган чора-тадбирлар, авваламбор, халқимиз фаровонлигини оширишга, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, ижтимоий соҳани ва унинг инфратузилмасини янада такомиллаштиришга, хорижий инвестицияларни иқтисодиётимизга кенг жалб этишга хизмат қилиши таъкидланди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан фракцияларнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.