Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетида халқаро журналистика факультети талабаларининг ёзги амалиёт натижалари сарҳисоби, намунали ижодий ишларини баҳолаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида “Амалиёт эътирофи-2018“ анъанавий анжумани бўлиб ўтди.

Унда марказий нашрлар, телевидение ва ахборот агентликлари масъул ходимлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар иштирок этди.

Университет проректори Н.Мамадов, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори ўринбосари А.Ражабов, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Г.Бобожонова, халқаро журналистика факультети декани А.Каримов ва бошқалар соҳа ходимлари зиммасида дунё ахборот маконида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга тезкор, холис ва ҳаққоний муносабат билдирувчи юқори малакали мутахассислар тайёрлашдек масъулиятли вазифа турганини таъкидлади.

Етук журналист кадрлар тайёрлаш, бу йўналишда таҳсил олаётган талабаларнинг амалий билимларини мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг оммавий ахборот воситалари турлари ва мавзулар бўйича ихтисослашувида малакавий амалиёт жараёни муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети ва оммавий ахборот воситалари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган бўлиб, бу амалиётнинг самарали ташкил этилишига хизмат қилмоқда.

Мазкур анжуман талабаларнинг журналистик қобилияти ва иқтидорини эътироф этиш, уларни рағбатлантириш мақсадида университет раҳбарияти, факультет профессор-ўқитувчиларининг ташаббуси билан ўтказилди. Талабаларнинг журналистик ишлари профессионал журналист-амалиётчилардан иборат ҳайъат аъзолари томонидан сараланди. Энг иқтидорли, деб эътироф этилган талабалар диплом, рамзий статуэтка ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА