Ҳар қандай давлатнинг энг муҳим бойлиги мамлакат аҳолисининг саломатлиги, миллат генофондининг мустаҳкамлиги билан баҳоланади. Чунончи, соғлом халқ, соғлом авлодсиз келажакни ҳам, тараққиётни ҳам яратиб бўлмайди.
Шу боис, мамлакатимизда аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилишга давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши сифатида эътибор қаратиб келинмоқда. Айниқса, кейинги икки йил мобайнида барча соҳаларда бўлгани каби мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу қисқа даврда давлатимиз раҳбарининг шахсан иштирокида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишлаб бир неча маротаба йиғилиш ўтказилиб, уларда асосий эътибор аҳолининг ҳаётдан розилигини таъминлашга қаратилаётгани аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, ушбу даврда мамлакатимиз тиббиёт тизимидаги муаммоларни, мазкур йўналишда аҳолининг талаб-эҳтиёжларини чуқур ўрганиш масаласига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг масъул этиб белгилангани боис, парламент аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан жойларда тиббиёт муассасаларининг ҳолати ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ўрганилди.
Аммо жорий йилнинг 9 ноябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва истиқболдаги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилишида тизимда кутилган натижалар кўринмаётгани, айниқса, туманлар, чекка қишлоқлардаги аҳоли тиббий хизматдаги жиддий ва туб ўзгаришларни ўз ҳаётида сезмаётгани алоҳида таъкидланди.
Жорий йилнинг ўтган даврида Президентнинг Виртуал қабулхонасига тиббиёт соҳасига доир 45 мингдан зиёд мурожаат келиб тушгани бу соҳада ҳали муаммолар борлигидан далолат бераётгани қайд этилди.
Дарҳақиқат, биз жойларда олиб борган ўрганишларимизда гувоҳи бўлганимиздек, бугунги кунда бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими, туман марказий шифохоналарининг моддий-техник базаси ва малакали кадрлар билан таъминланиш даражаси ҳамон талабга жавоб бермайди. Бунга мисол сифатида биз ўрганган Миришкор ва Нишон туманларидаги тиббиёт муассасаларининг ҳолатини келтириб ўтиш мумкин. Ушбу ҳудудларда ҳам беморлар катта маблағ сарфлаб, Тошкент шаҳрига келишга ёки чет давлатларга боришга мажбур бўлмоқда.
Йиғилишда тиббиёт тизимидаги муаммоларни вақтида аниқлаш ва ҳал этиш, бунинг учун ҳудудлардаги ҳолатни тўлиқ қайта ўрганиб чиқиш, бунда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардан марказий тиббиёт муассасаларигача қамраб олиш кераклиги таъкидлангани бежиз эмас. Боиси, тиббий хизмат кўрсатишда республика, вилоят, туман ва қишлоқ бўғинлари ўртасида боғлиқликни кучайтириш зарурати долзарблик касб этмоқда.
Президентимизнинг Ўзбекистонда 2025 йилгача соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича концепция лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан берган кўрсатмалари тиббиёт соҳасини ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ривожлантиришнинг аниқ йўналишларини белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари жойлардаги ўрганишларимиз давомида аниқланган яна бир долзарб масалага алоҳида эътибор қаратди. Яъни, соҳани молиялаштиришнинг амалдаги смета усули эскиргани, тиббиёт муассасалари қанча бемор даволанганига қараб эмас, койка-ўринлар сонига қараб молиялаштириб келинаётгани қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, бугунги замон талаблари ва хориж тажрибаси асосида, синов тариқасида мамлакатимизнинг 14 ҳудудида биттадан тиббиёт бирлашмасини аҳоли жон бошига ва стационар шароитда даволанганлар сонига қараб молиялаштириш бўйича топшириқ берилди.
Албатта, видеоселектор йиғилишида илгари сурилган таклифлар ва белгилаб берилган устувор вазифалар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш тарафдори бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси депутатлик корпуси зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Жумладан, 2021 йилдан бошлаб юртимизда ҳам мажбурий тиббий суғурта тизимини босқичма-босқич жорий этиш, Жанубий Корея, Сингапур, Германия каби давлатлардан халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, тегишли қонун ва қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқишда фракциямиз фаол иштирок этиши лозим бўлади.
Қайд этилганидек, жорий йилда тиббиёт соҳасига давлат бюджетидан 2017 йилга нисбатан 40 фоиз кўп маблағ ажратилди. Келаси йил соҳага қарийб 30 фоиз кўп маблағ йўналтириш режалаштирилаётгани ҳам биздан бу борадаги молиявий интизом устидан парламент назоратини таъминлашни талаб этади.
Шу билан бирга, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини ва соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш орқали касалликлар профилактикасини кучайтириш борасида белгилаб берилган вазифалар ижросида маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз ҳамда электоратимизнинг катта қисмини ташкил этадиган тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда фаол иштирок этишимиз зарур.
Мухтасар айтганда, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш орқали одамлар ҳаётини яхшилашдек эзгу мақсадни амалга оширишда барчамиз бирдек масъул эканимизни доимо ёдда тутмоғимиз даркор.
Жамшид Пирматов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
ЎзА