Миллий терма жамоамиз Австралияда Ливанга қарши қайси стадионда тўп суриши маълум бўлди

Эктор Купер устозлигидаги миллий терма жамоамиз ўқув-машғулот йиғини ҳамда иккита ўртоқлик учрашуви ўтказиш учун кеча Австралияга жўнаб кетди.
Миллий терма жамоамизнинг мазкур хориж сафари ҳақида олдин хабар берганмиз. Футболчиларимиз 15 ноябрь куни Австралиянинг Брисбен шаҳрида Ливан терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Ўзбекистон делегацияси расмийлари бугун Ливанга қарши ўртоқлик ўйини бўлиб ўтадиган “CBUS Super Stadium“ ўйингоҳига ташриф буюришди ва бу ердаги шароитлар билан яқиндан танишишди.
Ўша ерда бўлиб турган ЎФА матбуот хизмати вакилларининг маълум қилишича стадионда шароитлар аъло даражада муҳайё қилинган. Стадион 27 000 нафар мухлисга мўлжалланган бўлиб, бу ерда “Gold coast United“ футбол жамоаси учрашувларни ўтказади. Бундан ташқари, “Gold coast Titans“ регби жамоаси ҳам шу стадионда иштирок этади.
Ўйингоҳда 25 нафар футболчига мўлжалланган иккита кийим алмаштириш хонаси, музли сув ҳавзаси, жакузи мавжуд. Шунингдек, мураббий футболчилар билан назарий ўқув жараёнларини ўтказиш учун алоҳида хона ҳам бор. Стадион чими аъло даражада, сифатли ва чиройли футбол намойиш қилиш учун тайёр.
Энг муҳими, барча гап футболчиларимизнинг Ливанга қарши учрашувда мазмунли ўйин кўрсатиб, юртимиздаги миллионлаб футбол мухлисларини хурсанд қилишида.

 

Ойбек Юнусов, ЎзА