Мамлакатимизга расмий ташриф билан келган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид бошчилигидаги делегацияси аъзолари 7 октябрда Бухоро вилоятида бўлди.
Меҳмонлар вилоятга ташрифини ислом оламида машҳур нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади. Улуғ пир қабри олдида Қуръон тиловат қилинди.
Собиқ тузум даврида – дин тараққиёт душмани, жаҳолат сифатида қатағон қилинган йилларда ислом илми ва маърифатига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар қадамжолари, хусусан, Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган мақбара ва унинг атрофи ташландиқ ҳолга келиб қолган эди. Мустақиллик йилларида бу маскан ҳам Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида обод этилиб, муборак зиёратгоҳга айлантирилди. Баҳоуддин Нақшбанд меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.
Президентимизнинг жорий йил 11 июлдаги Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисидаги фармойиши бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлмоқда.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод масаласи бўйича махсус маърузачиси шу ерда вилоятнинг бир гуруҳ имом хатиблари билан мулоқотда бўлди. Унда ислом тинчлик ва эзгулик дини экани таъкидланди. Ер юзининг турли нуқталарида экстремистик оқимлар ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида исломни нотўғри талқин қилиб, дунё жамоатчилигида муқаддас динимиз ҳақида бузғунчилик ва қўпорувчилик манбаи сифатида тасаввур уйғотишга ҳаракат қилмоқда. Шу ниятда, айниқса, ҳали оқ-қорани яхши ажратолмайдиган ёшлар онгини заҳарлашга уринаётир. Мамлакатимизда жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга қаратилган турли маърифий-тарбиявий тадбирлар олиб борилмоқда.
Аҳмад Шаҳид бошчилигидаги делегация аъзолари Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев билан учрашди. Меҳмонларга фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, бунда вилоят, туман ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари муҳим ўрин тутаётгани тўғрисида сўзлаб берилди. Халқаро нуфузли ташкилот вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Меҳмонлар қадимий Масжиди Калонда ҳам бўлди.
Бухоро вилоятида учта диний таълим муассасаси – Мир Араб олий мадрасаси, Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти, Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти фаолият кўрсатмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси ва делегацияси аъзолари Мир Араб ўрта махсус ҳамда Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртларида бўлиб, толиби илмлар ва мударрислар билан учрашди. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юртида қадимий хаттотлик санъати намуналари ва толибларнинг “устоз – шогирд” анъанаси асосида араб ёзувининг турфа усулларини пухта эгаллаётгани билан танишди. Аёл-қизлар ислом билим юртида талабаларнинг дарс машғулотларидан сўнг миллий халқ ҳунармандлиги тўгарагида шуғулланиб яратган зардўзлик ва патдўзлик буюмлари кўргазмасини, иш жараёнини кўздан кечирди.
Бугунги кунда вилоятда 7 диний конфессияга мансуб 117 диний ташкилот фаолият юритмоқда. Яҳудийлар эътиқод қиладиган динга қарашли синагога шулар жумласидандир.
– Бошқа конфессиялар қатори бизга ҳам ўз диний маросимларимизни эмин-эркин адо этишимиз учун барча шароит яратилган, – деди Бухоро яҳудийлари жамоаси раҳбари Абрам Исхаков. – Синагогамиз 420 йиллик тарихга эга. Бу ерда дунёнинг қатор таниқли давлат арбоблари бўлган. Улар аксарият мусулмонлар яшайдиган ҳудудда синагога фаолият юритишини диний бағрикенглик сифатида баҳолаб, уни ноёб, дунёнинг кўплаб мамлакатлари учун ибрат, дея эътироф этган. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартларига мувофиқ иврит тили, халқимиз тарихи ҳамда бошқа фанлар ўргатиладиган умумтаълим мактабимиз бор.
Меҳмонлар ташриф доирасида Бухоро шаҳридаги Аҳмад Дониш номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди. Бу ерда 7 миллат вакиллари аҳил ва ҳамжиҳат истиқомат қилади. Диний амаллари турлича. Лекин маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий масалалари, ёшлар тарбиясига бутун жамоатчилик масъул.
Аҳмад Шаҳид бошчилигидаги делегация аъзолари маҳалла фаоллари, турли маданий марказлар вакиллари билан учрашувда ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.