Оталик бурчини унутган шахсларга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Поп тумани бўлими ва Маъмурий суд билан ҳамкорликда ўтказилган сайёр суд мажлисида алимент тўловлари билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилди.
 
Чуст туманлараро судининг 2009 йил 6 апрелдаги ижро варақасига асосан фуқаро М.А. дан бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ундирувчи М.Эназарова фойдасига тўртдан бир қисм миқдорида алимент ундириш белгиланган эди. Бироқ, ўтган давр мобайнида у суд қарорига, қолаверса оталик бурчига масъулиятсизлик билан қарагани оқибатида мазкур нафақани тўламай келган ва оқибатда 2018 йил октябрь ойига қадар алиментдан қарздорлик миқдори 31 миллион сўмга етган.
Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлимидан олинган маълумотларга кўра, М.А Мажбурий ижро бюроси туман бўлими давлат ижрочилари томонидан бир неча бор огоҳлантиришга қарамай қарздор алимент тўлашдан бўйин товлаб келган. Шунга асосан фуқарога нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, унга маъмурий қамоқ жазосини қўллаш юзасидан тайёрланган ҳужжатларни мазмунан кўриб чиқиш учун туман Маъмурий судига юборилган. Айнан 6 ноябрь куни ўтказилган сайёр суднинг қарорига кўра қарздор М.А. Ўзбекистон Республикаси МЖтК 474-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди, Унга 15 кечаю кундуз маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Худди, шунингдек, сайёр суд қарори билан Р.В. ва Э.У. каби ўз фарзандининг моддий таъминотига кўмаклашишдан бўйин товлаган фуқароларга нисбатан ҳам шундай жазо чораси тайинланди.

 

Акромжон Сатторов, ЎзА