Равшан Эрматов учта жаҳон чемпионатида фаолият юритган бўлса, Бахтиёр Намозовнинг мундиаллари сони ҳам учта бўлган.
Собиқ ҳакамимиз, эндиликда Ўзбекистон футбол ассоциацияда айнан ҳакамлар фаолияти бўйича мутахассис сифатида ишлаётган Бахтиёр Намозов соҳил футболи бўйича жаҳон миқёсида ташкиллаштириладиган ҳар қандай нуфузли мусобақани ўтказиб юбормагани каби, ҳар икки йилда ўтадиган жаҳон чемпионатларида ҳам фаоллигини исботлаб келмоқда. Тажрибали ҳакамимиз Багам ороллари, Португалияда ва Таити давлатларида ўтган жаҳон чемпионатларида бош ҳакам, захира ҳаками ҳамда вақт назоратчиси сифатида ишлаб, жаҳон чемпионатларидаги натижалари билан Равшан Эрматов кўрсаткичини такрорлаган. Бахтиёр ҳатто жаҳон чемпионати финал ўйинини бошқарган осиёлик ҳакам сифатида ҳам қитъамизда яхшигина ном орттирган.
Айни шу дақиқаларда юртдошимиз хизмат сафари билан БААда бўлиб турибди ва бу ерда ўтаётган “Dubai Cup“ Халқаро мусобақасида ишламоқда. Ҳамюртимиз бугун ушбу мусобақа доирасидаги Бразилия – Испания учрашувида бош ҳакам сифатида майдонга тушади.
Турнирда жаҳон ва Европа чемпиони Россия, жаҳон вице-чемпиони, Конмебол чемпиони Бразилия, КОНКАКАФ чемпиони АҚШ, Осиё чемпиони Эрон, шунингдек, футболнинг бу тури бўйича дунёда ўз ўрнига эга бўлган Испания, Миср, Таити каби давлатлар терма жамоалари иштирок этмоқда.
Суратда: ўтган йили Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида Осиёнинг энг яхшиларини аниқлашга бағишланган AFC ANNUAL AWARDS маросимида ҳамюртимиз, Пляж футболи бўйича Ўзбекистондан ягона ФИФА рефериси Бахтиёр Намозов ОФКнинг махсус совринини қўлга киритган.
Ойбек Юнусов, ЎзА