Уни адабиёт мухлислари фикрлар шоири, эл шоири, Шайх ака, устоз, муҳтожларга доим кўмак қўлини узатган, нолишни билмаган, дилбар инсон, олим шоир сифатида таърифлайдилар.

maqsud.jpg

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда атоқли шоир Мақсуд Шайхзода таваллудининг 110 йиллигига бағишланган адабий кечада шеърият ихлосмандлари меҳрини қозонган шоир ҳаёти, фаолияти, беназир ижоди, чин инсоний фазилатлари хусусида атрофлича фикр юритилди.
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуров, адабиётшунос олим Наим Каримов, Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Жонузоқов, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ва бошқалар мамлакатимизда миллий адабиётимизни равнақ топтириш, истеъдодларга ҳар жиҳатдан кўмак кўрсатиш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалалари доимий эътиборда эканини таъкидлади.
Бу жараёнда сўз санъати равнақига бетимсол ҳисса қўшган адиб ва шоирлар адабий меросини чуқур ўрганиш, улардан ёшларни баҳраманд этиш, устоз ижодкорлар хотирасини эъзозлаш ва абадийлаштириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Адабиётшуносларнинг фикрича, Мақсуд Шайхзода мустабид тузумнинг тазйиқ ва таҳдидларига қарамай завқ-шавқ билан, жўшқин руҳда ижод қилган, меҳрибон, ғамхўр инсон эди. Унинг шеърий услуби ғоят ширинлиги, теран фалсафий ғояларга йўғрилгани, ҳаётий ҳикматларга бойлиги билан қимматлидир. Бугун юртимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида ёш авлод Шайхзода ижодини пухта ўрганиши, уни қайта кашф этиши ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда Мақсуд Шайхзода ижодидан намуналар ўқилди. Унинг асарлари, ҳаёти, фаолиятига бағишланган китоблар ва фотокўргазма ташкил этилди.

 

Н.Усмонова, ЎзА