Тошкентда 1 ноябрь куни “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” парламент ҳамкорлиги қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Европа парламенти депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси А.Курманов, Европа парламентининг Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон билан алоқа делегацияси раҳбари Ивета Григуле-Петерсе хоним ва бошқалар Олий Мажлис билан Европа парламенти ўртасидаги муносабатлар ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Тадбирда мамлакатимиздаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, ташқи бозорларга чиқиш билан боғлиқ техник жараёнлар, транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда инфратузилмавий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, экология ва сув ресурсларини бошқариш, қишлоқ жойларни ва экологик барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Халқаро ва минтақавий хавфсизликнинг айрим жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди. Терроризм, уюшган жиноятчилик ва наркотрафикка қарши курашиш, Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуслари ҳақида сўз юритилди. Европа делегацияси Афғонистонни иқтисодий тиклашга қаратилган мамлакатимиз саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Европа иттифоқи Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро фойдали ҳамкорлик бўйича янги стратегияни амалга оширишдан манфаатдор экани, жумладан, Ўзбекистон билан муносабатларни жадал ривожлантириш нафақат Марказий Осиёнинг, балки бошқа давлатларнинг манфаатларига ҳам хизмат қилиши таъкидланди.
Европа парламенти депутатларига Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистонда жамиятнинг барча соҳаларини эркинлаштириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Мажлисда Ўзбекистоннинг Европа иттифоқи билан фаол ҳамкорлиги, жумладан, парламентаризм соҳасидаги муносабатларни чуқурлаштириш, амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Д.Маматова, ЎзА