28-31 октябрь кунлари мамлакатимизда Россия ёшлар иттифоқи, ишбилармон доиралари, олий таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Ўзбекистон – Россия ёшлар фестивали бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Россия ёшлар иттифоқи томонидан “Ҳамкорлик, ташаббуслар ва инновациялар“ шиори остида ташкил этилган фестиваль доирасида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида қизиқарли учрашувлар, тарихий масканлар бўйлаб саёҳатлар, Ўзбекистон – Россия ёшлар бизнес-форуми, туризм бўйича амалий конференция, ёш журналистлар ва блогерлар конгресси каби қатор тадбирлар ўтказилди.
Фестивалнинг сўнгги кунида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ҳузуридаги Ёшлар пресс-клубида ташкил этилган сессияда ушбу тадбирлар натижалари сарҳисоб қилинди.
Россия ёшлар иттифоқи Халқаро бизнес лойиҳалар маркази директори Алексей Ежов, Волгоград давлат университети проректори Геннадий Иванченко ва бошқалар фестиваль баҳона икки мамлакат ёшларининг дўстона алоқалари кучайгани, тадбиркорлик, туризм каби соҳалар бўйича кенг тажриба алмашилгани, ёш тадбиркорлар ўртасида эришилган янги келишувлар ва имзоланган шартномалар иқтисодий ҳамкорликка мустаҳкам замин бўлишини алоҳида таъкидлади.
– Икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор ташкил этилган Ўзбекистон – Россия ёшлар бизнес-форуми натижаларига тўхталадиган бўлсак, ушбу тадбирда икки мамлакат ёш тадбиркорлари туризм, таълим, фармацевтика, тиббиёт каби соҳаларга доир 100 дан зиёд шартнома ва келишувларни имзолади, – деди Россиянинг “Инвест Консалтинг Реалити” компанияси раҳбари Иван Кульшицкий. – Хусусан, бизнинг компания “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси билан “Россия ва Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес“ дастури доирасида ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Фестиваль доирасида Самарқанд шаҳрида “Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида сайёҳлар оқимини кенгайтиришда ёшларнинг ўрни” мавзусида амалий конференция ташкил этилди.
Сессия ишида мазкур анжуманнинг юқори савияда ва самарали ўтганини таъкидлаган россиялик иштирокчилар мамлакатимизда туризм соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, виза тартиби соддалаштирилгани, меҳмонхона бизнеси, зиёрат ва гастрономик туризм янада тараққий этаётганини эътироф этди.
Сессияда “Ўзбекистон – Россия ёшлар фестивали. Ҳамкорлик, ташаббус ва инновация”деб номланган ҳисобот фильм тақдимоти ҳам ўтказилди. Фестиваль жараёнидан тайёрланган ушбу фильмда иштирокчиларнинг самимий ва кўтаринки руҳдаги хитоблари янгради:
“Шундай самимий меҳмондўстлик учун Ўзбекистонга катта раҳмат!”, “Фестивалда биз Ўзбекистон – Россия ёшлари яқин дўстга айландик”, “Ватанимизга қайтганимизда яқинларимизга гўзал Тошкент, эртакнамо Самарқанд ва Бухоро ҳақида албатта сўзлаб берамиз”…
Тақдимотдан сўнг фестиваль иштирокчилари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи музейи экспонатлари билан танишди.
Фестиваль Ёшлар ижод саройида ўтказилган икки мамлакат ёш санъаткорлари ижросидаги маданий дастур билан якунланди.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА