Хабарингиз бор, 2019 йилнинг 1 майига қадар мамлакатимизда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинди.
Ушбу акция давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 20 апрелдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармони асосида ўтказилмоқда. Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги қарорига асосан барча туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида тегишли комиссиялар ташкил этилиб, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг қатъий муддатлари белгиланди.
Бироқ, айрим мансабдор шахслар орасида фуқароларнинг ушбу ҳуқуқларини амалга оширишида сансоларлик, лоқайдлик орқали тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Хусусан, Яккасарой тумани адлия бўлими юқоридаги комиссия фаолиятини ўрганиб, аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўймаслик чораларини кўриш ҳақида туман ҳокимлигига 2018 йил 5 сентябрда тақдимнома ҳамда мазкур тақдимнома ижроси таъминланмаганлиги учун 19 сентябрда огоҳнома киритилган.
Бироқ, Яккасарой тумани ҳокими ўринбосари, кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича комиссия раиси Н.Насиров адлия бўлимининг қонуний талабларини бажармасдан, қўлланилган таъсир чораларига нисбатан беписанд муносабатда бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман адлия бўлими 2018 йил 18 октябрда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштириб, туман маъмурий судига юборди.
Яккасарой тумани маъмурий судининг 2018 йил 23 октябрдаги қарори билан туман ҳоким ўринбосари Н.Насиров Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилди.
Бундан олдин, Чилонзор тумани адлия бўлими ҳам бир қатор қонунбузилиши ҳолатларини аниқланиб, уларни бартараф этиш тўғрисида туман ҳокимлигига 2018 йил 5 сентябрда тақдимнома киритган эди.
Мазкур тақдимнома туман ҳокимлиги йиғилишида муҳокама қилиниб, туман ҳокимининг қарори билан туман ҳокими ўринбосари Паянов Баҳодир Жавлиевич эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
ЎзА