​Эл адиби мангу ардоқда

Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан адабий кеча ва “Юлдузли тунлар“ номли фотокўргазма ташкил этилди.
Тадбирда халқимизнинг севимли ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг бой адабий мероси – роман, қисса ва ҳикоялари китобхонларнинг севимли асарларига айлангани таъкидланди. Мустақиллик йилларида адиб ижодида юксалиш палласи бошланиб, “Она лочин видоси“ рисоласида, “Тил ва эл“ китобида истеъдодининг янги қирралари намоён этилгани эътироф этилди.
Пиримқул Қодиров 1928 йил 25 октябрда Тожикистон Республикаси Шаҳристон туманининг Кенгкўл қишлоғида туғилган. Дастлабки ҳикояси “Студентлар“ 1951 йилда ёзилган. Шундан сўнг ёшлар ҳаёти ҳақидаги “Уч илдиз“, мустабид тузум шароитида ички эркини йўқотган, мутелик дардига гирифтор бўлган қаҳрамонлар ҳаёти акс этган “Қадрим“ ва “Эрк“ қиссалари ёзилди. Замонавий мавзуларга бағишланган шу ва бошқа асарларида Пиримқул Қодиров Иккинчи жаҳон уруши йилларида кечган машаққатли ҳаётий фактлари ҳамда шу давр ҳақидаги таассурот ва мушоҳадаларидан самарали фойдаланган. Замонавий мавзулардаги “Қора кўзлар“ ва “Олмос камар“ романларида маънавий-ахлоқий масалалар билан бирга қишлоқ ҳаётида мавжуд бўлган жиддий муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратган.
Пиримқул Қодиров Абдулла Қодирий, Ойбек, Шайхзода, Миркарим Осим анъаналарини давом эттириб, “Юлдузли тунлар“ романини ёзди. Ёзувчи бу асарида ўзбек халқи тарихининг муҳим саҳифаларидан бири – буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймосига мурожаат этиб, унинг мураккаб ва машаққатли ҳаёт йўлини тарихан ҳаққоний гавдалантириб берди. Кейинчалик ушбу асарнинг давоми – “Авлодлар давони“ романини нашр эттирди.
Пахта яккаҳокимлиги даврида ўзбек халқи бошига тушган жабру жафолар ўзбек адабиётида илк бор “Мерос“ қиссасида ўз ифодасини топди. Пиримқул Қодиров шу даврда қисса жанрида самарали ижод қилиб, болалар ва ёшлар ҳаётидан олинган “Акрамнинг саргузаштлари“, “Яйра институтга кирмоқчи“, шунингдек, маънавий-ахлоқий масалаларга бағишланган “Нажот“ қиссаларини ҳам эълон қилди. “Она лочин нидоси“ романида ўн бешинчи асрдаги Мовароуннаҳрнинг ижтимоий-маданий ва маънавий ҳаёти акс эттирилган.
Тадбирда “Дийдор“ театрида адиб асари асосида саҳналаштирилган “Юлдузли тунлар“ спектакли намойиш этилди.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА