Чўпон эшитган нидо

Чўпон эшитган нидо
Сирожиддин акага!
Ҳасрат таёғига суянма, чўпон,
Қўрқув ва умиддан лойинг қорганман.
Таваккал даштига ҳайда молингни
Баҳорингни ёмғир-қорга берганман.
Қара, бургут тепди — ўнгланмас арслон,
Чоп, умид ғорига беркингин чўпон.
Бил: юлдуз қўшилмай туғилмас султон,
Юкни кўтармоқни норга берганман.
Бир замонда ерни супурган эдим,
Уммонни ой бўлиб чақирган эдим,
Бобонгни кемага яширган эдим,
Гоҳ булбул тухумин морга берганман.
Қуёшдан қарасанг, кўринмас замин,
Тўлдирмоқ шарт эди тақдирнинг камин.
Тошбақадан ортда қолганинг сайин,
Кенг даштни бир ичи торга берганман.
Чўпон, молинг қани, уйқучи чўпон?
Беадоқ яйловинг асли зўр зиндон,
Эшак боғламагин — ташладим арқон,
Унинг бир учини Ёрга берганман.
Неники сўрадинг, барини бердим,
Гоҳ қопқон, гоҳ қашқир шаклида турдим,
Бўрининг аҳволин қўйлардан сўрдим,
Эй, Йўқ, насибангни Борга берганман.
Ҳасрат дарасида ўлтирган чўпон,
Қўрқув камарида ўлтирган нолон,
Умид саҳросида дайдиган сарсон,
Эй, илон инига қўл тиққан нодон,
Тошбақа парвозин сорга берганман,
Йўқнинг насибасин Борга берганман.
Шодмонқул Салом

 

ЎзА