Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон музокара ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Францияга расмий ташрифининг иккинчи куни Елисей саройида Эммануэль Макрон билан музокара ўтказди.

Париж, 9 октябрь. ЎзА махсус мухбири Абу Бакр ЎРОЗОВ хабар қилади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун самимий миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон ишончли ва узоқ муддатли шерик бўлган Франция билан ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётганини алоҳида таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев мазкур ташриф Европа давлатлари ичида биринчи марта Францияга бўлаётганини қайд этиб, ўн бешинчи аср бошида буюк Соҳибқирон Амир Темур ва Франция қироли Карл VI давридан буён ўрнатилган тарихий дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч ришталари мамлакатларимизни боғлаб турганига эътибор қаратди.

Эммануэль Макрон дастлабки амалий музокараларни ўтказиш учун давлатимиз раҳбари билан Парижда учрашишдан мамнуният билдириб, Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган оқилона сиёсат, улкан ислоҳотлар нафақат аҳоли фаровонлигини ошириш, мамлакатни етакчи давлатлар сафига олиб чиқиш, балки Марказий Осиёда барқарор тинчликни таъминлаш борасида ҳам муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги алоқалар узоқ ўтмишга бориб тақалади. Францияда сақланаётган Амир Темурнинг форсийда битилган мактублари, Париж Миллий кутубхонасининг нодир дурдоналаридан бўлган Шарль VIнинг Амир Темурга йўллаган жавоб мактублари икки мамлакатнинг кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилганидан далолат беради.

Томонлар минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш, таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашиш муҳимлигини қайд этдилар.

Франция Президенти Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишларни қўллаб-қувватлашини тасдиқлади ва мамлакатимиз раҳбариятининг дўстлик, яқин шериклик ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ташқи сиёсатини юксак баҳолади.

Эммануэль Макрон давлатларимизнинг асосий халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этишга доир ёндашувлари яқин ёки мос эканини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёнинг тинч ва изчил тараққиётини таъминлаш мақсадида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришда муҳим роль ўйнаётгани алоҳида қайд этилди.

Музокараларда минтақада тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш зарурлигини яна бир бор таъкидлаб, бунда олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан тўғридан-тўғри сиёсий мулоқотни таъминлаш ушбу муаммони ҳал этишнинг энг асосий омили эканлигига эътибор қаратилди.

photo5325907091292006936.jpg

Кейинги йилларда сиёсий мулоқот фаоллашгани ва мунтазамлик касб этаётгани қайд этилар экан, экологик муаммоларни ҳал этишга устувор эътибор қаратиш, айниқса, Орол фожиасининг Марказий Осиё ва бутун жаҳон учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди.

Ҳукуматлараро ва вазирликлар ўртасидаги муносабатлар ҳам мунтазамлик касб этмоқда. Ташқи сиёсий идоралар ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда, парламентлараро ҳамкорлик ривожланмоқда.

Учрашувда савдо-иқтисодиёт, инвестиция, энергетика, технологиялар, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ ўзаро савдода энг кўп қулайлик бериш тартиби ўрнатилган, икки томонлама солиқ солишга қўл қўймаслик тўғрисида конвенция ва бошқа ҳужжатлар имзоланган.

Ўтган йилларда Франциядан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми қарийб 1 миллиард долларни ташкил этди.

Музокараларда бу кўрсаткич мавжуд имконият ва салоҳиятга мос эмаслиги таъкидланди. Шу муносабат билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Франция тадбиркорлари ҳаракати – “МЕДЕФ” билан ҳамкорликда ташкил этилган бизнес-форумда Европанинг илғор тажрибаси, билим ва технологиялари асосида қиймати 5 миллиардга еврога яқин истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар эришилган катта мамнуният билан қайд этилди.

Хусусан, Франция тараққиёт агентлиги билан умумий қиймати 1 миллиард еврога яқин инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури имзоланди. Франциянинг етакчи «Натиксис», «Креди Агриколь» банклари ва «БиПиАй» экспорт-импорт агентлиги билан 1,5 миллиард евролик қўшма лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисида битимлар тузилди.

Франциянинг «Эйрбас», «Тоталь», «Винчи», «Орано майнинг», «Тоталь Эрен», «Веолия», «Фивс Штейн», «Буиг», «Ранжис» ва бошқа кўплаб компаниялари билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди.

Икки давлат ўртасида маданий-гуманитар соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. Учрашувда бунга алоҳида эътибор қаратилар экан, маданият ва санъат, туризм, фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, археология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришнинг аниқ йўналишлари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари Франция фуқароларига Ўзбекистонга визасиз саёҳат қилиш тартиби жорий этилгани ва бу борада Франция Европанинг биринчи мамлакати бўлганини алоҳда таъкидлади.

Мамлакатимизда 300 минг ўқувчи ва талаба француз тилини ўрганмоқда. Яқинда Тошкентда Француз тили ва маданият маркази ташкил этилди.

Иқтисодиёт, муҳандислик иши, қишлоқ хўжалиги, туризм каби йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистонда Страсбург университети ва Пантеон Сорбонна университети Париж академияси филиалларини очиш борасида келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, Халқаро мода академияси, Тулуза, Сержи-Понтуаз, ИНАЛКО ва бошқа университетлар билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди.

Мамлакатимиз тарихи ва маданияти халқаро ҳамжамиятда, жумладан, Франция илмий доираларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Ташриф давомида юртимиз тарихи ва маданиятини ўрганишга катта ҳисса қўшган француз илм-фан намояндалари – таниқли ёзувчи Амин Маалуф, таниқли олимлар Фредерик Брессанд ва Франц Грюнега Самарқанд шаҳри фахрий фуқароси унвони берилди.

Мамлакатимиз тарихий ва маданий меросига улкан қизиқишни ҳисобга олган ҳолда, 2021 йилда Лувр музейида Ўзбекистон тарихига бағишланган кўргазма ўтказиш хусусида келишувга эришилди. Ушбу тадбир жаҳонга машҳур музейда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги мамлакатга бағишлаб ўтказиладиган илк кўргазма бўлади.

Давлат раҳбарларининг музокаралари якунида автомобиль транспортида халқаро йўловчи ва юк ташиш, туризм соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битимлар, Франция тараққиёт агентлиги билан имзоланган 2018-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини амалга ошириш битими билан алмашиш маросими бўлиб ўтди.

Ташриф доирасида 2019-2020 йилларда ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик дастури, Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Франция экология, барқарор тараққиёт ва энергетика вазирлиги ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор тараққиёт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида, икки мамлакат ички ишлар, маданият вазирликлари, Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Лувр музейи ўртасида ҳамкорлик тўғрисида ва бошқа ҳужжатлар имзоланди. Жами 10 дан ортиқ икки томонлама ҳужжатлар қабул қилинди.

Давлат раҳбарларининг самарали музокаралари якунида эришилган натижалар Ўзбекистон ва Франция ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга, уни янги амалий мазмун билан бойитишга тайёр эканининг ёрқин тасдиғи бўлди.

 

ЎзА