Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона, Маданият вазирлиги ва Бадиий академия ҳамкорлигида ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган адиб ва носир, драматург Омон Мухтор ижодига бағишланган фотокўргазма ва хотира кечаси бўлиб ўтди.

omon-muxtor.jpgТадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, хизмат кўрсатган журналистлар ва адибнинг оила аъзолари иштирок этди.

Омон Мухтор (Мухторов Омон Сулаймонович) 1941 йил 16 июлда Бухорода туғилган. Адиб Тошкент Давлат университети филология факультетини тугатган. Болалар газетаси, Ўзбекистон радиоси, Кино қўмитасида фаолият кўрсатган. “Шарқ юлдузи” журналида бош муҳаррирлик вазифасида ишлаган.

“Чорлар қуёшли йўллар” , “Оҳанг” (1974), “Ёғду” (1979), “Марварид” (1985), “Шиддат” (1990) шеърий тўпламлар, “Нигоҳ” (1968), “Қушлар ва тушлар” (1971), “Шаҳарлик келинчак” (1973), “Ҳаёт дарвозаси” (1978), “Болаликка саёҳат” (1984), “Вазифа” (1988), “Ўлмаган жон” (1995) каби насрий асарлар муаллифи. “Йиллар шамоли” (1976), “Эгилган бош” (1989), “Аёллар мамлакати ва салтанати”, (1997), “Афлотун” (1998), “Тўрт томон қибла” (трилогия, 2001) каби замонавий ва тарихий мавзудаги асарлари адабиётимизнинг ўлмас меросидир. Адиб ижодига хос бўлиб келган фалсафага мойиллик билан романларда кўриниб туради. Инсон қисмати, руҳий олами нақадар мураккаб эканлиги акс эттирилади. Унинг кўпгина пеьсалари Хоразм театрида саҳналаштирилган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Омон Мухтор 2013 йил 10 майда вафот этди.

– Шундай инсонлар борки, улар бу оламни тарк этса-да, қилган эзгу амаллари “яшашда” давом этади. Улуғ адиб Омон Мухторнинг ҳам номи асарларидек барҳаётдир, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо.

Хотира кечасида намойиш этилган фотокўргазма, лавҳалар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА