Қардош халқлар, қўшни республикалар ўртасидаги яқин қўшничилик алоқаларининг янада мустаҳкамланиши маънавий ҳаётимизда улкан янгиланишларга сабаб бўлмоқда. Буни вилоятимизда истиқомат қилаётган қирғиз биродарларимиз фикру ўйида ҳам сезиш мумкин. Менинг эса қирғиз биродарларимиз билан минг йиллик алоқаларимиз ҳақида сўз борганда, севимли шоиримиз, Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Ориповнинг қуйидаги сатрлари ёдимга тушаверади.
Эй қадим Осиёнинг абадий ёш ўлкаси,
Ялангтўш ва меҳнаткаш ўзбек билан инисан.
Қирғизларда женгедир ўзбекларнинг бекаси,
Шону-шараф осмонин чақнаган чақинисан.
Бутун дунё билади ижодкор Чингиз номин
Азамат халқ шуҳратинг бундан ҳам бўлсин зиёд.Айни пайтда кексалик гаштини сураётган фахрий мураббий, физика-математика фанлари номзоди Абдулла Темирбеков Бўстонлиқ туманидаги Пском қишлоғида туғилган. Миллати қирғиз. У киши ЎЗ МУнинг математика факультетини тугаллагач, 40 йилга яқин Тошкент Давлат Политехника Университетида талабаларга дарс берган. Адабиёт ,санъат илм ва фан шайдоси. Бу киши билан суҳбатлашсангиз, ажойиб хотираларнинг гувоҳи бўласиз.
“Ҳаётимда икки инсондан жуда кўп тарбия, меҳр ва эзгу ишларга куч олдим, – дейди суҳбатдошим. – Улардан бири қирғиз адабиётини дунёга танитган донишманд аллома Чингиз Айтматов. Яна бири эса ҳаёт йўлларимда ҳамиша мададкор бўлган инсон, иқтидорли раҳбар ва қаламкаш, журналист Зиёд Есенбоевдир.
Зиёд Есенбоев эса доно маслаҳатгўй, илмий ишларимга рағбатдош, миллатдошим эди. Кандидатлик ишимни ҳимоя қилганимда мени илҳомлантирган, дастлаб дарс бера бошлаган давримдан, умрининг сўнгги кунларигача доимо ёнида бўлганман. У киши мен доимо севиб мутолаа қиладиган “Тошкент ҳақиқати” газетасини ўзи бош-қош бўлиб ташкил этган ва биринчи муҳаррирларидан бўлган. Зиёд Есенбоев буюк давлат арбоби Шароф Рашидов билан ҳамнафас, атоқли ва кўп қиррали ижодкор эди. Ҳозирда уйимда Чингиз Айтматовнинг Зиёд Есенбоев билан бирга тушган сурати, ҳар икки азиз инсонларнинг барча асарлари китоб жавонимни безаб туради. Мен бу икки аллома билан миллатдош эканлигимдан фахрланаман.
Ўтган асрнинг 80 йиллари эди. Оиламиз бошига бир ташвиш тушиб, Қирғизистонга адиб Чингиз Айтматов ҳузурига боришга тўғри келди. Чингиз Тўрақулович ўша пайтда Тян-Ши сиҳатгоҳида дам олишда экан. Эртасига мени ишхонада қабул қилиб, мушкулимни осон ҳал этди. Халқпарвар адиб одамлар орасида кўп бўларди, халқимизнинг дарди, ташвиши билан яшарди. Орадан бир йил ўтиб, Қибрайда Зиёд Есенбоевнинг туғилган кунларида яна кўришдик. Шунча кўп одамнинг олдида чақириб олиб, ҳол -аҳволимни суриштирди. Шуларни ўйлаб, эслаб қолсам, ”Буюклик – оддийликда” деган фалсафанинг чинлигига ишонаман. Зеро, улар халқдан илҳом олиб, халққа маънавият улашадиган, фидойи инсонлар, эл фарзандлари эдилар.
Асрлар оша шундай умри боқий анъаналар борки, улар халқнинг феъл-атвори, табиати ва удумига азалий содиқлигини билдиради. Ушбу удумларни ҳозирда ҳам Пском тоғи этакларида истиқомат қилаётган қирғиз овулдошларим, Тошкент вилоятининг турли овулларидаги қирғиз биродарларимиз сақлаб қолишган. Бу удумлар ўзбек халқининг удумларига ҳам ўхшаб кетади. ”От чопиш”, ”Ағдариш”, ”Улоқ тортиш”, ”Кўк бўри” ўйинлари қирғиз халқига хос азалий халқ ўйинларидир. Бошқа миллат, элатлардан фарқли “Қирғиз меҳмондўстлиги” деган атама бор. Қирғиз халқида меҳмонлар уч тоифага бўлинади. Биринчиси, ”Милдеттуу қўнақ”, яъни мажбурий меҳмон. Инсонларнинг никоҳ ва жаноза маросимларига қатнашуви мажбурий ҳисобланиб,меҳмонларни кутиб олиш оила аъзолари ва овулдошлар зиммасида бўлган.Иккинчиси, “Таниш меҳмон”, мезбон ва меҳмон ўртасида қариндошчиликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Яна бир тоифа меҳмонлар “Худонинг меҳмонлари” – бошпана истаган меҳмонлар учун бўлиб, кун ботгандан кейин остона ҳатлаб кирган меҳмонни таом ва бошпана билан таъминлаши зарур бўлган. Албатта қирғиз уйида беш бармоқ ва қимиз дастурхонни безаб турган. Қирғизнинг танти ва очиқкўнгил феъли Чингиз Айтматов яратган барча асарларда тилга олинади. Уни ҳис этмоқ учун буюк адиб асарларига доимо мурожаат этиш керак.
Ўзбек халқи учун азиз ва мўътабар Ўзбек ва қирғиз халқларининг азалий дўстлиги узоқ тарихга бориб тақалади.
Президентимизнинг ”Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори, кекса бир мураббий сифатида менга куч қудрат бағишлади, – дейди Абдулла Темирбеков. Ушбу ҳужжатда таъкидланганидек, Чингиз Айтматов минтақамиз тинчлиги ҳамда осойишталиги, унинг келажаги ва равнақи, халқларимиз ўртасида дўстлик ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама қаршиликлардан асраш йўлида фидокорона фаолият олиб борди. Қолаверса адиб ўзбек халқига ҳурмат ва эътибор билан ”Қадим ўзбек маданиятининг Марказий Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг қадимги русга кўрсатган таъсири” билан қиёслайди. Қолверса, Қирғизистонда ўзбек маданияти, Ўзбекистонда қирғиз маданияти асраб-авайланмоқда. Чингиз Айтматов ҳақида хотира тадбирлари ўтказилаяпти. Ҳужжатли фильм ва мақолалар чоп этилаяпти. Вилоятимизнинг Паркент туманидаги 33-умумтаълим мактабида адиб бюсти ўрнатилиш арафасида. Бу эзгу ишлар буюк адиб руҳини шод этиб қолмай, бу ишга хайрихоҳ барча инсонларни қувонтираяпти”.