Мустақиллик шарофати билан халқимизнинг бой маданий мероси, бетакрор археологик ва тарихий ёдгорликлари, миллий қадриятларимиз, айниқса, жаҳон илм-фани тараққиётига, инсоният тафаккурининг юксалишига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларимиз фаолиятини ўрганишга катта эътибор қаратилди.
Қарийб 25 йилдан буён фаолият олиб бораётган Бобур номидаги халқаро жамоат фонди томонидан ҳам бу борада эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Андижонда Боғи Бобур мажмуаси ҳамда Бобур Мирзонинг рамзий мақбараси барпо этилди. “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи ташкил этилди. Бундан ташқари, Бобур ва бобурийлар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, кенг тарғиб этиш бўйича юртимизда, қатор хорижий давлатларда кўплаб тадбирлар, халқаро анжуманлар ўтказилди, янги-янги китоблар нашр этилди, ўнга яқин ҳужжатли фильм яратилди. Бобур халқаро мукофоти, “Бобур ва дунё” журнали таъсис этилди.
Бобур халқаро илмий экспедицияси Бобур изидан 40 дан зиёд мамлакат бўйлаб илмий сафарлар уюштирди. Натижада кўплаб янги манбалар топилиб, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейидан жой олди. Айни пайтда музейда 500 дан зиёд ноёб қўлёзма асарлар, нодир китоблар, қимматли манбалар сақланмоқда. Жумладан, “Бобурнома”нинг Ҳайдаробод нусхаси, Бобур Мирзо кашф этган алифбо – “Хатти Бобурий”да кўчирилган Қуръони карим нусхаси, “Бобур куллиёти”нинг Эрон нусхасидан кўчирма ҳамда “Бобурнома” нинг турли тилларга таржима қилинган 20 дан ортиқ нусхаси сақланмоқда.
Кейинги йилларда фонд кўмагида “Бобурнома” уч марта қайта нашр қилинди. Ушбу асарнинг крилл ва лотин алифболардаги табдили, шунингдек, Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг “Тарихи Рашидий” асари форс тилидан таржима қилиниб чоп этилди.
Бобуршоҳ ва Ҳумоюн Мирзонинг ҳаёти ва фаолияти баён этилган Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр” асари, шунингдек, турли тилларда яратилган “Гулбадан”, “Андижон шаҳзодаси”, “Бобур – йўлбарс”, “XVI аср бунёдкори” номли китоблар ўзбек тилига таржима қилиниб китобхонларга тақдим этилди.
“Захириддин Мухаммад Бабур. Бабуриды. Библиография“ номли йирик китоб, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур хазиналари” рукнида “ Мубайян ва насрий баёни”, “Рисолаи Волидиййа” назмий таржимаси ва шарҳи” асарларининг чоп этилгани, айниқса, “Бобур энциклопедияси”нинг яратилгани ўзбек бобуршуносларининг катта ютуқларидан бўлди.
Юқоридаги китоблар шубҳасиз, юртимиз тарихи, улуғ алломаларимиз, хусусан, З.М.Бобур ҳаёти, ижоди, илмий меросини ўрганиш, тадқиқ этишда муҳим манба бўлади.
Фондимиз ташаббуси билан Бобур ва бобурийлар, қолаверса, заминимизда туғилиб, тақдир тақозоси билан дунёнинг турли жойларида умргузаронлик қилган буюк аждодларимиз яратган бебаҳо ва ноёб асарлар намуналари Ватанимизга қайтарилиб, илмий истеъмолга киритилганлиги энг аввало, кўҳна тарихимизни янада чуқур ўрганишга хизмат қилади, қолаверса, ёш авлод қалбида улуғ аждодларимиздан фахрланиш, ифтихор туйғуларини мустаҳкамлайди.
Бобур халқаро илмий экспедиция томонидан ҳозирда Афғонистон, Ҳиндистон, Туркия, Ироқ, Эрон давлатларида бўлган Абу Али ибн Сино, Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Лутфий, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Алишер Навоий, Али Қушчи, Камолиддин Беҳзод, Бобораҳим Машраб сингари улуғ зотлар мангу қўним топган масканлар зиёрат қилинди. Хусусан, Афғонистоннинг ДаштиДеҳиканор қишлоғидаги йўқолиб кетиш арафасига келиб қолган мавлоно Лутфийнинг мақбараси қайта тикланди. Ҳирот шаҳрининг Мусалло майдонидаги Алишер Навоийнинг қабр-мақбараси халқимизнинг миллий меъморчилиги услубида янгидан бунёд этилди, унинг атрофида боғ яратилди, Камолиддин Беҳзоднинг қабр-мақбараси таъмирланиб, ободонлаштирилди.
Фондимиз келгусида Абу Райҳон Беруний, Абдураҳмон Жомий, Бобораҳим Машраб, Ҳусайн Бойқаро, Муҳаммад Ҳайдар Мирзо, Али Қушчи, Абу Наср Фаробийдек улуғ алломаларнинг мақбараларини ободонлаш-тиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Илмий экспедициямизнинг яқинда Ҳиндистонга қилган сафари ҳам жуда муваффақиятли ўтди. Сафар давомида халқимизнинг маданий-маърифий меросига тааллуқли 120 дан ортиқ қўлёзма ва нодир манбалар нусхаларини, ўндан зиёд ноёб китобларни юртимизга олиб келдик. Араб, инглиз, форс ва қадимий турк тилида ёзилган ана шу қўлёзмалар таржима қилиниб, халқимизга тақдим этилади, илмий истеъмолга киритилади.
Мухтасар айтганда, фондимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур, бобурийлар ва бошқа улуғ алломаларимиз илмий меросини ўрганиш, тарғиб этиш борасидаги ишларни изчил давом эттиради. Мақсадимиз Бобур бобомизнинг “Бори элга яхшилиғ қилғилки мундин яхши йўқ” деган сўзларини ўзимизга шиор билиб, фақат эзгу ва хайрли ишларнинг бошидан тутишдир.
Зокиржон Машрабов,
Бобур халқаро жамоат фонди раиси,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими
ЎзА