Ўзбекистонда Германиянинг "Schneider Group"​ компанияси офиси очилди

Таҳлилларга кўра, бизнес оламида юқори чўққиларни забт этган ишбилармонларнинг кўпчилиги у ёки бу мамлакат бозорига кираётганда, энг аввало аниқ, даврлар синовидан ўтган қоидаларга асосланиб иш юритишади.
Глобаллашув жараёнларида, айниқса, дунё бозорида рақобат кучайиб бораётган бир пайтда бизнесда жон сақлаш, яъни ҳамкорлар ва доимий мижозларни сақлаб қолиш осон иш эмас. Қолаверса, кўп ҳолларда айрим давлатларнинг миллий қонунчилигида инвестор учун мутлақо янгилик бўлган фарқли нормаларнинг мавжудлиги ҳам сармоя киритаётган тадбиркорларга қатор қийинчиликларни туғдиради. Бундай ҳолларда давлат инвесторларга қўшимча имтиёзлар беради ҳамда мамлакатдаги бизнес муҳитни ўрганиб сармоядорларни жалб қиладиган компаниялар хизматидан фойдаланади.
Ўзбекистонда ўз бизнесини йўлга қўйиш учун истиқболли лойиҳаларга каттагина маблағ тикишга тайёр бўлган хорижий инвесторларнинг сони кун сайин ошиб бораётгани мамлакатда ўтказилаётган форум ва учрашувларда қайта ва қайта таъкидланмоқда. Бу бежизга эмас. Чунки, жорий йилнинг 6 ойи давомида асосий капиталга киритилган инвестициянинг жами миқдори 41 триллион сўмдан ошган. Бу эса ўсиш кўрсатгичларида 113,4 фоизни кўрсатмоқда.
Сармоянинг 20,9 фоизи, яъни 8,5 триллион сўмга яқини эса хорижий инвесторлар томонидан киритилган маблағлар ҳисобланади. Мазкур ҳолатда ўсиш кўрсатгичи 92 фоизга тенгдир. Киритилаётган маблағларнинг соҳалар бўйича таҳлилига эътибор берсак, тоғ-кон ва қайта ишлаш саноати, энергетика соҳаларига хорижий инвесторларнинг қизиқишлари тобора ортиб бормоқда.
Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистонда тадбиркорликка яратилган қулай бизнес муҳити кўплаб инвесторларнинг эътиборига сабаб бўлди. Бу натижага пухта ўйланган режа ва чуқур таҳлилларга асосланиб Давлат раҳбари ташаббуси билан инвесторларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қарорларнинг қабул қилиниши эвазига эришилди. Улар асосида чет эллик сармоядорларга кўплаб имтиёз ва преференциялар берилди, янги эркин иқтисодий зоналар ташкил этилди ва қонунчиликдаги бўшлиқлар тўлдирилди. Гапнинг сирасини айтганда мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳити яратишга жиддий киришилди.
Дунё тажрибасида ўзга бир мамлакатда бизнес қилишни кўзлаган сармоядор, фаолиятни йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича турли хизматларни кўрсатувчи компанияларга мурожаат қилади. Улар эса давлатнинг барча имкониятларини ўрганиб чиқади, инвестор ушбу маълумотларга таяниб якуний қарорга келади. Ҳозирги кунда тадбиркорларни муҳим ахборотлар ва маълумотлар билан қуроллантириб келаётган компаниялардан бири «Schneider Group» Европа ва МДҲнинг 10 дан ортиқ мамлакатларида ўз офисини очган. Бугунги кунга келиб, Тошкентда ҳам уларнинг офиси иш бошлади.
– Ўзбекистон Президенти жуда муҳим қарор қабул қилиб, мамлакат ўзаро манфаатли бизнес муносабатлар учун очиқ эканини билдирди, – дейди «Schneider Group»​ компанияси Бош директори Ульф Шнайдер. – Масалан, авваллари муаммо бўлган виза олиш тартиби соддалаштирилди. Яъни, чет элликлар дуч келадиган илк тўсиқ бартараф этилди. Шу сафар юртингизга ташрифим чоғида кўплаб ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлдим. Валюта конвертацияси бўйича амалга киритилган янги тартиблар. Бу билан хорижий инвесторлар фаолиятидаги яна бир муаммо ҳал этилди. Солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар ва қолаверса, соҳага оид барча қонун-ҳужжатларини бир кодексда жамлаш бўйича қилинаётган ишлар ҳам биз, инвесторларни қувонтирмоқда. Айтишим керакки, мамлакатингиздаги бир нечта завод ва фабрикаларда бўлганимда у ерда шижоат билан меҳнат қилаётган менежер ва ишчилар менда илиқ таассурот қолдирди. Ана шулардан келиб чиқиб ҳам мен Германиядаги кўплаб потенциал бизнес вакилларини Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан таништирмоқчиман. Шунинг учун ҳам Тошкентда «Schneider Group»​ компаниясининг офисини очишга қарор қилдим ва бунга эришдим ҳам.
Айнан ушбу Кенгашнинг муваффақиятли фаолияти ва Германиядаги ишбилармон доираларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ҳам «Schneider Group»​ компаниясининг Тошкентда офис очишига асосий туртки бўлди. Ушбу бизнес марказ немис инвесторларининг мамлакатимизга интеграция жараёнларини тезлаштиришга ёрдам беради. Бир сўз билан айтганда уларнинг яқин кўмакчисига айланади.
Таъкидлаш жоизки, мамлакат бозорида бухгалтерия, молия ва бизнес-консалтинг хизматларини кенгайтириш, шунингдек, ҳар қандай иқтисодий жараёнларни таҳлил қилиш, қонун-ҳужжатларини ўрганиш ҳамда улар асосида хулоса ва таклифлар тайёрлаш ҳам ушбу офис вазифаларидан саналади.
Хорижлик инвесторлар энг аввало, шартнома шартлари бажарилишини кафолатлаш мажбуриятлари, ҳуқуқий базанинг тушунарлилиги ва бизнесдаги шаффофлик мезонларига алоҳида эътибор қаратишади. Шунинг учун ҳам ҳозир Ўзбекистонда ҳукм сураётган ишбилармонлик муҳити аллақачон қатор ривожланган мамлакатларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
– Биз Германиянинг Франкфуртида “Manufactures” ишлаб чиқарувчилар форумини ўтказишни режалаштирганмиз, – дейди «Schneider Group»​ компанияси Бош директори Ульф Шнайдер. – Форумга немис компаниясидан вакилларни таклиф қилиб, Ўзбекистонда қандай бизнес бошлаш мумкинлиги ҳақида маълумот берамиз ва албатта муваффақиятли якунланган инвестицион лойиҳалардан мисоллар келтирамиз. Форумга тайёргарлик жараёнида Наманган вилоятида тўплаган маълумотларим жуда асқотди. Бизнинг ўз нашриёт уйимиз ҳам бор. Унда чоп этилган материаллар орқали Германиядаги кўплаб тадбиркорларни мамлакатингиздаги бизнес муҳит ва имтиёзлар билан таништиришдаги имкониятларимиз янада кенгаяди. Шу йўсинда Ўзбекистон ва Германия ўртасида истиқболли ва ишончли бизнес ҳамкорлик йўлга қўйилганидан жуда хурсандмиз.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
Медиа маркази билан ҳамкорликда тайёрланди
 

 

ЎзА