Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатларига бағишланган давра суҳбатлари бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга илк давлат ташрифи арафасида ушбу мамлакатнинг етакчи илмий-тадқиқот институтларида – Мудофаа тадқиқот ва таҳлил институти ҳамда Вивекананда халқаро жамғармасида мамлакатларимизнинг таниқли олимлари, таҳлилчи ва экспертлари Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини таҳлил қилишга бағишланган давра суҳбатларини ўтказди. 

Илмий асосда фикр алмашиш чоғида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, мамлакатимизда хорижий инвестициялар учун мавжуд улкан салоҳият, шунингдек, халқаро аҳамиятдаги масалалар, жумладан, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш диққат марказида бўлди.

Экспертлар иқтисодиётнинг реал секторида, таълим, фармацевтика, туризм ва савдо соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини қайд этди. Ҳиндистон улкан муваффақиятларга эришаётган ахборот технологиялари ва инновациялар соҳасида катта истиқболлар мавжудлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси И.Неъматов, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Арзиев, “Тараққиёт стратегияси“ маркази раҳбари А,Бурҳонов, Вивекананда халқаро жамғармаси директори А.Гупта, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси С.Тайал ва бошқалар Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда олиб борилаётган самарали ислоҳотлар мамлакатнинг янада жадал ривожланиши учун янги истиқболларни очгани, хорижий давлатлар билан иқтисодий дипломатияга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ҳиндистоннинг етакчи тадқиқот марказларидаги мунозаралар икки мамлакат эксперт ҳамжамиятлари вакилларига Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигининг янги даврида турган вазифалар хусусида тасаввур ҳосил қилиш имконини берди.

 

ЎзА