Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида 27 сентябрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси Дания делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида делегация аъзоларига мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари билан ташқи сиёсатни амалга оширишдаги тамойил ва ёндашувлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси вакиллари Ўзбекистонда самарали бошқарув тизимини жорий қилиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш бўйича ижобий натижаларга эришилганини қайд этди. Жамиятда тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг барча кўринишларига қарши курашишнинг умумэътироф этилган тамойиллари жорий қилинаётгани юқори баҳоланди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ташқи ва ички сиёсатида прагматик ва конструктив сиёсатнинг олиб борилаётгани мамлакат имижини мустаҳкамлаш имконини беради.

Тадбирда Ўзбекистон – ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.

Петер Юэль Йенсен бошчилигидаги ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг Дания делегацияси аъзолари «Тараққиёт стратегияси» марказида ҳам музокаралар ўтказди.

Учрашувда марказ фаолияти, мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг бориши ҳақида сўз юритилди.

Меҳмонларга 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга ошириш жараёни ҳақида маълумот берилди.

Марказнинг фаолият йўналишлари, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар, Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирлар бажарилиши бўйича жамоатчилик фикрининг ўрганилиши меҳмонларда қизиқиш уйғотди.

Давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги очиқ мулоқотни таъминлаш мамлакатимизда давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги ислоҳотларнинг туб моҳиятини ташкил қилади.

Мулоқотда мамлакатимизда давлат идораларининг очиқлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланаётгани таъкидланди. Қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларни жамиятда кечаётган ўзгариш ва янгиланишларнинг тўлақонли иштирокчисига айлантириш каби йўналишлардаги ишлар юзасидан фикр алмашилди.

Меҳмонлар пойтахтимиздаги диққатга сазовор жойларда бўлиб, истиқлолимиз тарихи, бой маданий меросни асраб-авайлаш йўлидаги эзгу ишлар билан танишди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА