Рақс санъати мухлисларини ажойиб туҳфа кутмоқда. Жорий йилнинг 26-27 сентябрь кунлари Тошкентдаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтадиган Игорь Моисеев номидаги Россия давлат академик халқ рақс ансамблининг концертига ҳам оз фурсат қолди.

Концерт дастури жаҳон ва Россия халқларининг ранг-баранг ва ўзига хос рақсларидан иборат.

Игорь Моисеев рақслари концертига ташриф буюрувчилар “Халқлар дўстлиги” ордени билан тақдирланган машҳур жамоа томонидан намойиш этиладиган Греция, Аргентина, Татаристон, Россия, Молдова, Корея ва бошқа мамлакатларнинг рақс маданияти намуналари билан танишиш имкониятига эга бўлади.

Тошкентда афсонавий ансамблнинг чиқишлари Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Игорь Моисеев номидаги Россия давлат академик халқ рақс ансамбли махсус таълим муассасалари ўқувчиларини таклиф этган ҳолда хайрия концерт дастурини намойиш қилади.

Дунёга машҳур профессионал халқ рақси ансамбли 1937 йилда хореограф Игорь Моисеев томонидан ташкил этилган. Ансамбль томонидан намойиш этиладиган ҳар бир рақс бутун бир спектаклга ўхшаш. Жамоанинг сафарлар харитасида 70 дан ортиқ давлат бўлиб, репертуарда эса 200 дан зиёд рақслар бор.

Рақслар, мураккаб акробатик элементлар, классик балет ва миллий рақсларнинг ҳамоҳанглиги мазкур жамоа ижодий услубининг ўзига хослигидир.

Концерт ташкилотчилари – “Газпромбанк” ва “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятлари, “EriellGroup” нефт-хизмат кўрсатиш компанияси.

 

Н.Усмонова, ЎзА