Жаҳон иқтисодиётида кечаётган интеграция глобаллашув жараёнига катта таъсир кўрсатмоқда. Бу бир томондан қўшимча қиймат яратишнинг трансмиллий “занжирини” кўзда тутган ҳолда, иккинчи томондан ишлаб чиқариш соҳасида ҳам рақобатни кучайтирмоқда.
Президентимизнинг интеграцияга қаратаётган эътиборини бугун Европанинг ривожланган давлатлари юқори баҳоламоқда. Айниқса, юртимиздаги фан-таълим тизимидаги интеграциялашув жараёни катта анжуманларда, халқаро симпозиумларда тан олинаяпти. Агар иқтисодий жиҳатдан энг тараққий этган давлатлар тажрибасига назар ташласак, бу юксалиш замирида илм-фанни тубдан ривожлантириш турганига гувоҳ бўламиз.
Интеграцияларнинг кичик даражаси мамлакатлар иқтисодиётида янги хўжалик юритиш тизимини шакллантириш йўли ҳисобланиб, ўзаро пировард маҳсулот ишлаб чиқарадиган ва географик яқин бўлган корхона ва ташкилотларни ўз ичига олган “кластер”лар яратишдир.
“Кластер” атамаси французча бўлиб, “боғлам”, “гуруҳ”, “тўпланиш” маъноларини беради. Қиёсий таъриф берсак, бу – “хазиналар сандиғи”дир. “Кластер” назариясини ўрганиш жаҳон ҳамжамиятида тез суръатларда ўсиб бормоқда ва уни амалиётда қўллаш эса миллий ва минтақавий иқтисодий ривожланишнинг асосий йўналишларига айланмоқда. Кластер назарияси илмий жараёнга маркетинг стратегияси шаклида, давлат, ҳудудлар ва минтақалар корхоналарининг бозордаги рақобат муҳитида ғолиб бўлишини таъминловчи ғоя-усули сифатида кириб келди.
Кластерларни шакллантиришдан мақсад шаҳар, туман ва вилоят ичида жойлашган бир хил соҳа корхоналарини ва улар билан ягона технологик занжирда бўлган таълим, илмий, инжиниринг, консалтинг, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва бошқа хизматларни уйғунлаштириш – инновацион ишлаб чиқаришни ташкил этиш асосида рақобатбардош товарлар яратишга йўналтиришдан иборат. Бунда аҳолини иш билан таъминлашдек муҳим жиҳат ҳам ўзини намоён этади.
Ўзбекистонда пахта-тўқимачилик саноатида кластер тизимини жорий қилиш ташаббуси мамлакат қишлоқ хўжалигини яхлит бир тизим асосида ривожлантириш учун муҳим омил бўлди. Энг муҳими бу тизим асосида мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган олимлар бирлашди.
Давлатимиз раҳбарининг “Энг муҳим вазифа – халқимиз онгида инновацион тафаккурни шакллантириш, инновациялар бўлмаган жойда ривожланиш ва рақобат бўлмайди” деган ғоявий фикри замирида катта ҳаётий маъно мужассам.
Шу маънода, қишлоқ хўжалиги тизимида миллий бойлигимиз ҳисобланган пахта-тўқимачилик кластерида қўлланилаётган инновацион ғоялар нафақат енгил саноатни, балки ўз йўлида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, фармацевтика, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби ўнлаб тармоқларни ҳам қамраб олади.
Ўзбекистонда пахта хомашёсининг асосий истеъмолчиси тўқимачилик саноати бўлиб, у республиканинг саноат комплексида муҳим ўрин тутади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам амалга оширилаётган ишлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Бакридин Зарипов,
Қишлоқ хўжалиги фанлари
академиясининг аъзоси,
биология фанлари доктори,
профессор
ЎзА