“Таълим сифатини баҳолаш бўйича тажриба алмашиш ва халқаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи раҳбарлигидаги делегация Россия Федерациясига ташриф буюрди“, дея хабар бермоқда Инспекция ахборот хизмати.
Ташриф дастурига мувофиқ Инспекция вакилларининг Россия Федерациясининг Таълим ва илм-фанни назорат қилиш федерал хизмати, Маърифат вазирлиги, Олий таълим ва илм-фан вазирлиги, Россия таълим академияси қошидаги Таълим сифатини баҳолаш миллий маркази (ЦОКО), Жаҳон банкининг Москвадаги ваколатхонаси ва бошқа бир қатор таълим тизимидаги ташкилотлар билан учрашувлари режалаштирилган.
Бугун Инспекция делегацияси Россия Федерациясининг Таълим ва илм-фанни назорат қилиш федерал хизматига ташриф буюрди ва ташкилот фаолияти билан яқиндан танишди. Федерал хизмат раҳбари С.С.Кравцов ташкилотнинг асосий фаолияти тўғрисида кенгайтирилган даврада тақдимот шаклида маълумот берди ва Инспекция вакиллари федерал хизматининг асосий бўлинмалари фаолияти билан яқиндан танишиб чиқди.
Учрашувда Россиялик мутахассислар томонидан Ўзбекистонда таълим сифатини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берилди. Айниқса, таълим сифатини назорат қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ва фақатгина ҳукуматга бўйсунувчи мустақил ташкилот, яъни Инспекциянинг ташкил этилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Инспекция раҳбари У.Ташкенбаев Ўзбекистон ҳам худди шу йўналишда бораётганлиги ҳақида маълумот берар экан, Инспекция томонидан 2018 йилда биринчи бор олий таълим муассасаларининг рейтинги тажриба-синов тариқасида кенг оммага эълон қилинганлиги, халқаро нуфузли рейтинг агентликлари (QS Ranking, Times Higher Education, ARWU, Joong ang Ilbo) ҳамда ривожланган мамлакатлар миллий рейтинг тизими индикаторлари ва ҳисоблаш методикаси асосида ишлаб чиқилган миллий рейтинг тизими орқали Ўзбекистон олий таълим муассасалари халқаро рейтинг рўйхатидан жой олишига эришиш асосий кўзланган мақсадлардан бири эканлигини таъкидлади.
Учрашув якунида Федерал хизмат раҳбари С.Кравцов Ўзбекистонга ташриф буюриш истагини билдирди ҳамда Давлат инспекцияси билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида икки томонлама ҳамкорлик шартномасини имзолашга келишиб олинди.
Ўзбекистон делегациясининг Россия Федерациясидаги расмий ташрифи давом этмоқда.