Тошкентда Ўзбекистон - Россия медиа форуми ва халқаро телевизион фестиваль ўтказилади

2018 йилнинг 4-6 октябрь кунлари пойтахтимизда Ўзбекистон-Россия медиа форуми ҳамда “ТЭФИ-Ҳамдўстлик” VIII халқаро телевизион фестивали бўлиб ўтади. 
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Россия телевидениеси академияси фонди ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган Ўзбекистон-Россия медиа форумида икки мамлакатнинг етакчи давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларининг кўзга кўринган ижодкорлари ҳамда журналистларни ҳамда ахборот технологиялари ходимларини тайёрлашга ихтисослашган олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва мамлакатимизнинг соҳада таҳсил олувчи талабалари иштирок этиши кутилмоқда. Шунингдек, ушбу йирик тадбирга МДҲ давлатлари, Болтиқбўйи ўлкалари ва Грузиядан ҳам мутахассислар таклиф этилган.
Форумнинг ОАВ соҳасида ҳамкорлик қисми Ўзбекистон тарихи, маданияти ва унинг туризм салоҳиятидан Россия жамоатчилиги хабардорлигини кенгайтириш, мамлакатимиз телевидение ва радиоэшиттириш соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш, шунингдек, турли жанрдаги телерадио лойиҳаларни, хусусан, ахборот-таҳлилий дастурларни тайёрлаш борасида етакчи рус телерадиокомпаниялари тажрибасини ўрганиш каби масалаларни қамраб олган. Бу жараёнда мамлакатимиз ва россиялик телевидение ва радио ижодкорлари бир-бирлари билан ўзаро тажриба алмашиш имкониятига ҳам эга бўлади.
Ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик қисмида, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ахборот агентликларининг тезкор хабарлар алмашинуви борасида ҳамкорлик қилиш, интернет ахборот ресурсларини янада ривожлантириш, ижтимоий тармоқларнинг жамият ҳаётига таъсирини ўрганиш тенденциялари муҳокама қилинади.
Форумнинг ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорлик қисмида эса, АКТ технологиялари паркларини яратиш ва ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш, ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида кадрлар малакасини ошириш ҳамда миллий интернет ресурсларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари қамраб олинади.
Шунингдек, форумга Россия медиа оламида муваффақият қозонган телелойиҳалар ижодкорлари жалб қилинади.
Бугунги замонавий телевидение қиёфасини тўла намоён этувчи “ТЭФИ-Ҳамдўстлик” VIII халқаро телевизион фестивалида шиддат билан ривожланаётган Россия ва Ўзбекистон телеканаллари вакиллари ўзаро тажриба алмашиши, келгусидаги ҳамкорлик учун режалар тузиши режалаштирилган. Шунингдек, бугунги медиабозор муаммолари, медиаконтентни ривожлантириш, замонавий медиатехнологиялар мавзусида турли семинар, ижодий учрашув, маҳорат-дарслари ташкил этилади. Фестивалда МДҲ мамлакатлари, хусусан Россия телевидениесининг машҳур телебошловчилари, таниқли журналистлари ва продюсерлари иштирок этиши кутилмоқда.

 

ЎзА