Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи арафасида Деҳлидаги Лал Баҳодур Шастри хотира мажмуасида “Ўзбекистон маданий мероси дунё санъат хазиналарида” туркумидаги 10 жилдлик китоблар тақдимоти ўтказилди.
Ҳиндистондаги Ўзбекистон-Ҳиндистон дўстлик жамияти раиси Анил Шастри, мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга илк давлат ташрифини икки мамлакат халқлари катта қизиқиш билан кутаётганини таъкидлади. Ташриф давомида кутилаётган учрашув ва музокаралар Марказий ва Жанубий Осиёнинг улкан салоҳиятга эга икки давлати ўртасидаги манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришда янги истиқболлар очишига ишонч билдирилди. Маданий-гуманитар соҳадаги фаол алоқалар ўзбек ва ҳинд замини фарзандларини тинчлик ва бирдамлик руҳида камол топтиришда муҳим аҳамиятга эга.
“Ўзбекистон маданий мероси дунё санъат хазиналарида” туркумида халқимизнинг хориждаги музейларда сақланаётган бой маданий-маърифий мероси намуналари жамланган.
Мазкур лойиҳа ташаббус гуруҳи бугунги кунда таниқли ўзбек ва ҳинд олимлари билан ҳамкорликда Ҳиндистоннинг йирик музей, кутубхона ва бошқа хазиналарида сақланаётган илмий-маданий меросни ўрганмоқда. Илмий изланишлар натижалари келгусида туркумнинг янги нашрларига киритилади.
Китоблар тақдимоти Деҳлидаги Жаваҳарлал Неру университети, Жамия Миллия ислом университети, Жоме масжиди ва Ҳиндистон ислом маданияти марказида ҳам ташкил этилади.
25 сентябрь куни Ҳиндистон миллий музейида “Ҳиндистон-Ўзбекистон: маданиятлараро мулоқот” қўшма кўргазмаси очилади.
Дилобар Маматова, ЎзА