Жорий йилнинг 26-27 сентябрь кунлари Тошкентдаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Игор Моисеев номидаги Россия давлат академик халқ рақс ансамблининг концерти бўлиб ўтади.

Концерт дастури жаҳон ва Россия халқларининг ўзига хос турфа рақсларидан иборат.
Игор Моисеев рақслари концертларига ташриф буюрувчилар “Халқлар дўстлиги” ордени билан тақдирланган машҳур жамоа томонидан намойиш этиладиган Россия,Татаристон, Молдова, Аргентина, Корея ва бошқа мамлакатларнинг рақс маданияти намуналари билан танишиш имкониятига эга бўладилар.
Тошкентда афсонавий ансамблнинг чиқишлари Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Маълумот ўрнида: Дунёга машҳур рақс ансамбли 1937 йилда хореограф Игор Моисеев томонидан ташкил этилган. Ансамбль томонидан намойиш этиладиган ҳар бир рақс бутун бир спектаклга ўхшаш. Жамоанинг сафарлар харитасида 70 дан ортиқ давлат бўлиб, репертуарида эса 200 дан зиёд рақслар мавжуд.

 

Дилобар Маматова, ЎзА