Сергей Образцов номидаги Россия давлат марказий академик қўғирчоқ театри жорий йилнинг 19-21 октябрь кунлари Ўзбекистон давлат академик рус драма театрида ўзининг мусиқий дастурини юртимиз санъат мухлисларига тақдим этади.

Пойтахтимизда Россия Федерациясининг мусиқий, театр жамоалари, санъат намояндаларининг ижодий сафарларини мунтазам ўтказиш яхши анъанага айланган. Айни пайтда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, Ўзбекистон давлат академик рус драма театри, Ўзбекистон ёшлар театри жамоалари Россияда ўтадиган фестиваллар, кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.

Машҳур қўғирчоқ театри жамоаси 1931 йилда санъат арбоби Сергей Образцов томонидан ташкил этилган. Турли ижодий экспериментлар, мусиқа, завқли сатира, асарларни саҳналаштириш жараёнидаги ўзига хос ёндашув жамоа фаолиятида устувор ўрин эгаллайди.

Театрнинг катталар учун мўлжалланган, қўғирчоқлар ижросининг бор имкониятларини намойиш этувчи “Ғаройиб концерт“ (“Необыкновенный концерт“) номли афсонавий спектакли пародияли ҳазил услубидаги томоша бўлиб, 19 ва 20 октябрь кунлари намойиш этилади. Сергей Образцов ҳамда Семён Самодур асари асосидаги ушбу завқли спектаклнинг илк премьераси 1946 йилда яратилган бўлса-да, у ҳануз саҳналардан тушмай келмоқда. 10 минг маротабадан ортиқ ўйналган ушбу машҳур спектаклни мусиқачи ва раққосалар, цирк усталари ва кўзбойлағичларга қувноқ тақлид этилган томоша, дейиш мумкин. Ушбу саҳна асари кўплаб шаҳару юртларни айланиб чиқиб, ХХ асрнинг энг машҳур спектакллари сирасидан ҳамда «Гиннесснинг рекордлар китоби»дан ўрин олган.

21 октябрь куни эса жажжи томошабинлар учун Самуил Маршакнинг “Мушукчанинг уйи“ (“Кошкин дом“) спектакли намойиш этилади.

 

Н.Усмонова, ЎзА