Санкт-Петербург “Дўстлик уйи” кўргазмалар залида икки ўзбек рассомининг асарлари намойиш этилди. Улар чизгиларида ўзбекона фазилат, дунёни англаш, воқеликка бағрикенглик билан ёндашув каби хусусиятлар акс этади.
Назокат Қосимова Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтини тугатгач Санк-Петербург давлат университетида санъат йўналиши бўйича магистратура ва аспирантурада ўқиди.
У магистрлик ишидаёқ дунёга машҳур Эрмитаж хазинасида сақланаётган Шарқий Туркистондан топилган буддавийлар ғор-ибодатхонаси деворларига ишланган суратларни ўрганиб, тиклаш услубларини ишлаб чиқди. Минг йиллар давомида сақланган ноёб чизгилар Назокат мўйқалами ёрдамида қайта дунёга келди. Эрмитаж илмий жамоаси бу ноёб қобилиятни муносиб баҳолаб, Назокатни монументал тасвирларни реставрация қилиш илмий лабораториясига ишга таклиф этди. Ҳозирда Назокат жаҳон санъати дурдоналари, бебаҳо тарихий обидалардаги чизмалар сақланадиган хазинада фаолият юритиб, ўз илмий тадқиқотини давом эттираяпти.
Иқтидорли рассом, айниқса, портрет жанрида ишлашни ёқтиради. Инсон ички дунёсини беғубор рангларда очиб бера олади.
– Мен қаҳрамонимдаги умидворликни ёқтираман, – дейди Назокат Қосимова. – Умид – бахт ва доимий курашнинг калити. У қалбга қувват беради, одамни доимий интилиш, курашишга чорлайди. Умид – ҳаёт маъноси, мазмуни, деб биламан.
Н.Қосимованинг ижодий ишлари бугунгача Ўзбекистон, Россия, Германиядаги кўргазмаларда намойиш этилди ва муносиб тақдирланди.
– Назокат оламни теран кўз ва ҳаётий мантиқ билан кўради. Унинг асарларидаги оддийлик аслида инсонни улуғлаш, унга берилган умр барча неъматлардан юқори туришини фалсафий қарашларда ифодалайди, – дейди россиялик журналист ва санъатшунос Нина Новикова.
Ўзбекистонлик рассом Муродилла Дониёровнинг кўргазмага қўйилган рангтасвир суратлари мўйқалам аҳлини ҳайратга солди. Табиат, еру осмонга мутлақо янгича ёндашув чизгилари ўзгача рангларда тасвирланган.
Улардаги ҳар бир деталь, у хоҳ қуёш нури бўлсин, хоҳ гул барглари, ёки мовий осмонда осилиб қолган булут парчасими, рассомнинг ички кечинмалари, руҳияти ҳамда кайфияти ўзига хос тарзда тасвирланган. Асли самарқандлик бўлган М.Дониёров узоқ йиллардан буён Санкт-Петербургда яшайди.
– Биз ҳаётни тасвирлашда кўпроқ тўқ ранглардан фойдаланамиз. Қора бўёқни ҳар бир картинамиз лейтмотивида учратасиз. Лекин Муродилла ижодида буларни мутлақо кўрмайсиз. У ҳаётни ёрқин рангларда, қуёш нурлари ёруғлигида, қувноқ оҳангда, енгил композицияларда тасвирлашни устун қўяди. Очиғи, мен бу кўргазмадан кейин ранг танлаш услубини қайта кўриб чиқишга қарор қилдим, – дейди россиялик машҳур рассом Валерий Илюшкин. – Ҳали мен осмон, мусаффо қуёш нурига бурканган осмон бунчалар оҳорли тасвирланган картинани учратмагандим.
– Муродилла Дониёров асарларига бўлган бундай катта қизиқиш энди унинг кўргазмасини Россия Президентининг Санкт-Петербургдаги кутубхонасида ҳам намойиш этиш фикрига олиб келди, – дейди “Дўстлик уйи” раҳбари Виктор Михайленко. – Биз бу бўйича тайёргарликни бошлаб юбордик.
Ҳар икки ўзбек рассомининг ижодий кўргазмаси Санкт-Петербург маданий ҳаётида унутилмас воқеа бўлди. Таниқли рассомлар, санъатшунос мутахассислар уларнинг ижодини юқори баҳолади.