Ўтов – қора уйда эркаклар ўтирадиган жой муқаддас саналишини биласизми?

Қорақалпоқ халқининг ўзига хос миллий қадриятларидан бири ўтов – қора уй ҳисобланади. Қора уй ўзининг қурилиши, кўриниши билан бошқа халқлар ўтовидан ажралиб туради.

Бугун қора уйлардан ҳудуд туристик салоҳиятини оширишда кенг фойдаланилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида, И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида қорақалпоқ ўтовига барча буюм ва ускуналари билан махсус ўрин ажратилган.

Бугунги кунда Аёзқалъа, Тупроққалъа ёки Мўйноқда ва ҳатто Орол денгизи бўйларида ҳам ўтовлар тикилган. Булар хорижий сайёҳларда ўзига хос таассурот қолдирадиган масканларга айланган.

7.jpg

Ўтов тиклашда ишлатиладиган ашёлар тайёрлайдиган усталарни “уйчи” дейишади. Бу касб уларга ота мерос. Ҳозирги Қорақалпоғистон ҳудудининг аксарият қисмида ана шундай усталар бўлган ва улар яшайдиган қишлоқлар “уйчи овул” деб юритилган. Бундай номдаги қишлоқларни ҳозир ҳам учратиш мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қора уйни ҳар қандай ёғочдан ҳам ясаб бўлмайди. У чидамли, эгилувчан толдан ишланади. Сабаби, кўчманчилар турмушига хос бундай бошпаналарни тикиш ва йиғиш тез-тез такрорланиб турган. Табиийки, бунинг учун синмайдиган, мустаҳкам ёғоч зарур.

Қора уй 3 босқичда ишланади – дастлаб, кереге (ёғоч панжара), ундан сўнг шанироқ (қора уйнинг том қисми), сўнгги босқич увиқ (тиргак) деб юритилади.

Ушбу қисмларни тайёр ҳолга келтириш анча мураккаб жараён бўлиб, қуритилган ёғоч бирмунча вақт сувда сақланади. Кейин яна қуритилади, қобиғи арчилади ва керакли йўғонликка келтирилади. Сўнг яна сувга солиб, махсус печ мўрисига қўйилади. Лойдан ишланадиган ушбу мўрининг бўйи 180, эни 90-100 сантиметр бўлади. Печдаги тутун таъсири билан ёғоч юмшайди ва осон эгилади. Бу жараён “ёғочни ислаш” деб аталади. Увиқлар узунлиги 2 метрдан зиёдроқ ёғочдан тайёрланиб, “тез” деб номланган махсус ускунада эгилади. Бош қисмида ип боғланадиган тешиги бўлиб, учи тиғли келади. Қора уйнинг ёғоч панжараси ҳам “тез”га солиш билан эгилади, панжара билан тиргак эгилгандан кейин “кўклаш” бошланади.

“Кўклаш”да асосан телетин ипдан (телетин – лошланган қора мол терисидан тайёрланган ип) фойдаланилади. Телетин ип билан ёғоч панжара бир-бирига бириктирилади, учлари тугилади. Панжара кўклаш орқали чўзилади ва йиғилади.

Шанироқ – қора уйнинг энг муҳим қисми бўлиб, у гумбазсимон доирадан иборат. Шанироқнинг ўртасига эгилиб ишланган икки қаторли ярим доира ёғоч “тўғин” дейилади. Айнан ушбу тўғин қора уйни бошқа халқлар ўтовидан ажратиб туради.

Кора уйнинг яна бир қисми эрганак, яъни эшик деб юритилади. Уни бошқа уста ишлайди. Эрганак ўйма нақшлар билан безалади ва қизил рангга бўялади

9.jpg

10.jpg
Қора уйнинг 6, 8, 12 қанотли турлари бор. 5 қанотли уйлар кам учрайди. Одатда, 6 қанот уйлар ёш оилалар учун махсус тикилган. 8 қанотли уйлар эса оиладагилар сони кўпайганидан сўнг тикилган. Энг йирик – 12 қанотли уй қишлоқ ташқарисидаги “Маслаҳат тепа”га тикилиб, унда оғалар, яъни бийлар ва беклар эл-юрт тақдири билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал қилиш учун йиғилган. Қора уй безак буюмларининг барчаси қўлда ишланган, яъни ўрмакда тўқилган. Кигиз асосан қўй, арқон эса туя жунидан тайёрланган.

Қора уйга нақшли безакларига қараб оқ ўтов, бўз ўтов деб таъриф берилган. Қора уйнинг ўртасида тўрт қиррали ўчоқ ўрнатилиб, тутуни уй туйнугидан чиқиб кетади. Уй ичида қаршин – кўрпа-тўшак остига қўйиладиган ва ичига нарса солинадиган буюм қўйилади.

Ўтовнинг ўнг томонида ёшига қараб эркаклар, сўл томонида хотин-қизлар ўтиради. Ўнг томон муқаддас ҳисобланган ва эркаклар ўтирган ўринни хотин-қизлар босиши қатъий тақиқланган. Қора уйнинг эшиги паст бўлгани учун ичкарига энгашиб кирилади. Бу уйга таъзим қилиб кириш зарурлигини англатган.

Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманида 20 дан ортиқ уйчи – ўтов тикловчилар фаолият кўрсатмоқда. Улар мамлакатимизда яратилган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиб, ҳудудда туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.

 
Айгул Пирназарова,
 
И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат
 
санъат музейи бўлим бошлиғи.

 

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА